Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент шаҳрида дарахтлар ҳимояси кучайтирилади
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Тошкент шаҳрида дарахтлар ҳимоясини кучайтириш, ноқонуний кесилиши ҳолатларини олдини олиш, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун ер участкаларини ажратишда дарахтлар ва кўп йиллик буталарни ҳимоя қилиш тизимини ташкиллаштириш ҳақида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Ҳужжат билан белгиланишича, Тошкент шаҳар архитектура бош бошқармаси Тошкент шаҳрида ер ажратиш бўйича ҳужжатларни кўриб чиқишда, ажратилиши белгиланаётган ҳудудларда жойлашган кўп йиллик ўсимликлар ва дарахтларни аниқ сони, уларнинг тана йўғонлиги, тури ҳақидаги маълумотларни хулосаларда кўрсатилиши йўлга қўяди.
Шунингдек, Ободонлаштириш бош бошқармаси тизимида “Дарахтлар ва кўп йиллик ўсимликларни ҳимоя қилиш бошқармаси” ташкил этилиши назарда тутилган.
Тошкент шаҳрида жойлашган дарахтларни буташ ишларини ягона тартибга келтириш ва бу ишларни бажаришда агротехника қоидаларига риоя этилиши учун “Ўсимликларни ҳимоя қилиш институти” ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда “Кўп йиллик ўсимликларга агротехник ишлов бериш қоидалари”ни ишлаб чиқилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Геномика ва Биоинформатика маркази, “Ўсимликларни ҳимоя қилиш институти” ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда “Дарахтлар ва кўп йиллик ўсимликларни зараркурандаларга қарши кимёвий ишлов бериш қоидалари” лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.
2018 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидагилар татбиқ этилиши режалаштирилган:
Тошкент шаҳрида дарахт кесиш, уларни буталаш ишларини бажариш Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳудудий инспекцияси томонидан берилган рухсатнома асосида фақат Ободонлаштириш бош бошқармаси тизимидаги бошқармалар ва туман ободонлаштириш бошқармалари томонидан амалга оширилиши;
Ободонлаштириш бош бошқармаси тизимидаги бошқармалар ва туман ободонлаштириш бошқармалари томонидан дарахтлар жойлашган ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғини ва маҳалла профилактика инспекторларини дарахт кесиш учун берилган рухсатномалар, уларни буташ (шакл бериш) ишлари ҳақида хабардор қилиниши;
Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳудудий инспекцияси томонидан дарахт кесиш учун берилаётган рухсатномаларни Тошкент шаҳрининг расмий сайтига жойлаштириш ва кесилиши белгиланган дарахтлар ҳақида интернет тармоғи орқали эълон бериб бориш тизими жорий этилиши;
ер майдони ажратилган ҳудудда қурилиш ва бошқа ишларни амалга ошириш учун дарахт кесишга рухсатнома беришда қўшимча равишда “ҳар бир дарахтга қўшимча 10 туп дарахт экиш” концепцияси асосида шаҳар ҳудудида экишга рухсат берилган манзарали дарахтларни ўтказиш йўлга қўйилиши;
Ободонлаштириш бош бошқармаси Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан биргаликда “ҳар бир дарахтга қўшимча 10 туп дарахт экиш” концепцияси асосида шаҳар ҳудудида экишга рухсат берилган манзарали дарахтларни ўтказиш ва агротехник ишлов бериш хизмати ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга дарахтларни кесиш ва буташ хизматларини кўрсатиш бўйича пуллик хизматлар кўрсатиш тартиби ва тўлов миқдорлари;
Муҳокама жараёни 2018 йил 30 май куни ўз якунига етади
Мавзуга оид
20:06 / 10.06.2026
Президент ҳузурида Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ва режалари кўриб чиқилди
16:55 / 09.06.2026
Бизнес-омбудсман Тошкентдаги рекламаларни бузишда қонуний йўл тутишга чақирди
10:25 / 09.06.2026
Тошкентда энг кўп аҳоли савдо соҳасида банд
11:40 / 08.06.2026