22:10 / 20.05.2018
9747

Мундиални кутиб. Таништирув: Коста-Рика

КОСТА-РИКА
Мустақиллиги: 15 сентябрь, 1821 йил
Бошқарув шакли: Президент республикаси
Пойтахти: Сан Хосе
Аҳолиси: 4.8 миллион (122-ўрин)
Пул бирлиги: Колон

КОСТА-РИКА ТЕРМА ЖАМОАСИ
Лақаби: Los Ticos
Конфедерация: Конкакаф
Либоси: Қизил-кўк
Бош мураббий: Оскар Рамирес
Терма жамоа сафида энг кўп майдонга тушган: Валтер Сантено (137)
Терма жамоа сафида энг кўп гол урган: Роландо Фонсека (47)
Дастлабки учрашув: Салвадор 7:0 (1921)
Энг йирик ҳисобдаги ғалаба: Пуэрто Рико 12:0 (1946)
Энг йирик ҳисобдаги мағлубият: Мексика 0:7 (1975)
КОНКАКАФ: Чемпион (1963, 1969, 1989)
Жаҳон чемпионати: Чорак финал (2014)

Фото: The Scottish Sun

Коста-Рика ўтган асрнинг 60-йилларидан буён Конкакаф минтақасида кучли терма жамоаларидан бири саналиб, терма жамоаси бешинчи маротаба жаҳон чемпионатига ташриф буюраётган бўлса-да, илк маротаба мундиалга Италияда ўтган 1990 йилдаги турнирга келишганди. Унгача Коста-Рика уч маротаба ўз қитъасида чемпионга айланган, аммо саралаш баҳсларига келганда, нуқул муваффақиятсизликка учрарди. Ундан олдинроқ ҳам, ҳали шимолликлар (АҚШ, Мексика, Канада) билан бирлашмаган даврларда, 1941-61 йилларда Коста-Рика етти карра Шимолий Америка чемпиони бўлганди.  

Лекин дебют жуда омадли келди. Шотландия, Швеция ва Бразилия терма жамоалари жой олган гуруҳда дебютантлар гуруҳ аутсайдери сифатида баҳоланган бўлишса-да, Европа жамоаларига қарши ўйинларда Коста-Рика ғалаба қозонди. Айниқса, Габело Конехо исмли дарвозабон ўша ўйинларда жуда кучли ўйин кўрсатиб юборган, бир қатор Европа жамоаларининг назарига тушганди. Дарвоқе, ҳозирда Конехо терма жамоада дарвозабонлар мураббийи вазифасини бажариб келмоқда.

Нимчорак финалда ўша пайтларда анча кучли саналган Чехославакия терма жамоаси рўбару бўлди. Анча тажрибали ва кучли бўлган рақиб Коста-Рикага ҳеч қандай имконият қолдирмади ва ўйин 1:4 ҳисобида якунланди. Шундай бўлса-да, дастлабки уриниш қониқарли чиққанди. 2002-2006 йилги мусобақаларда «қаҳрамонларимиз» гуруҳдан чиқа олишмади, кейинги мундиал саралашида эса, Коста-Рика ўз минтақасида тўртинчи ўринни олиб, плеф-оффда Уругвайдан енгилди. Ўтган сафарги жаҳон чемпионати эса, мамлакатда олтин ҳарфлар билан ёзилади - терма жамоа ўша Уругвайдан қасд олиш билан биргаликда, ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этганди.

Уругвай, Англия ва Италия. Уч жаҳон чемпиони жамланган ягона гуруҳнинг тўртинчиси бўлиб Коста-Рика жойлашганди. Ҳеч ким улардан бирор натижани кутмас, барча масала айнан чемпионларнинг ўзаро баҳслари-ю, Коста-Рикага ким кўпроқ гол уриши билан ҳал бўлишини кутишар эди. Аммо...

Колумбиялик мураббий Хорхе Луис Пинто бошчилигидаги Коста-Рика дастлабки ўйинда Уругвай устидан 3:1 ҳисобида иродали ғалабага эришди. Шунда ҳам, ҳеч ким уларни назарига илмас, шунчаки, илк ўйинда етарлича мотивация тўплай олмай 3 очкони йўқотган, Англия ва Италия олдида гуруҳдан чиқиш имкониятини пасайтириб юборган Уругвайнинг устидан кулди ҳамма. 2-турда Италия ўз услубида, 1:0 ҳисобида мағлуб этилгач, америкаликлар ҳазиллашмаётгани маълум бўлди. Коста-Рика расман кейинги босқич масаласини ҳал қилганди. Кейинги йўлланма ўша уч фаворитдан фақат биттасига тегарди холос. Даҳшат.

Фото: ФИФА

Пинто шогирдлари сўнгги ўйинда ҳам мағлубиятга учрамади ва гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритди. Италия устидан ғалаба қозонган Уругвай 6 очко билан 2-ўринни олди. Нимчорак финалда энди уларни Греция кутиб турарди. Албатта, энди ҳар қандай рақиб Коста-Рикани жиддий санар, бунинг устига Греция умуман ҳар қандай рақибни жиддий санайдиган, ҳимояда жуда тартибли ўйнайдиган жамоа. Яъни, шу пайтгача Коста-Рикага қўл келиб турган услуб энди иш бермаслиги мумкин эди. Терма жамоа етакчиси Брайан Руис ҳисобни очди. Лекин Оскар Дуартега кўрсатилган қизил карточка жамоани оғир аҳволга солиб қўйди. Греция сўнгги дақиқада ҳисобни тенглаштиргач эса, ҳамма қўшимча вақтлар фаворити ким эканини билиб турарди.

Коста-Рика бу синовни ҳам муваффақиятли топширди. Пенальтилар сериясида қаҳрамонлик кўрсатган Кейлор Навас учрашувнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди. Ўша пайтларда фақат Ла Лига мухлислари учун таниш бўлган «Леванте» дарвозабони учун ўша турнир бурилиш даври бўлди дейиш мумкин. Айнан жаҳон чемпионати туфайли «Реал» эътиборини қозонган Навас якунда «Қироллик клуби» дарвозабонига айланиб, жамоа билан уч марта Европа Чемпионлар Лигаси ва бир марта Испания чемпионлигини қўлга киритди.

Коста-Рика ҳатто чорак финалда ҳам зафар қучишга яқин эди. Нидерландия терма жамоасига қарши ўйинда ҳам жамоа ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлай олди ва ўйинни пенальтилар сериясигача олиб боришнинг уддасидан чиқишди. Фақат бу сафар европаликларнинг қўли баланд келди - 3:4.

Мураббий

Фото: Р-Спорт

ЖЧ-2014 дан сўнг, Пинто терма жамоани тарк этди ва унинг ўрнига Коста-Риканинг собиқ футбол юлдузи, Пинтога ёрдамчи бўлиб ишлаган Пауло Ванчопе бош мураббий этиб тайинланди. Лекин 2015 йилнинг августида, Панама ва Коста-Рика ёшлари ўртасидаги ўйинда ҳакамнинг бир қароридан норози бўлган Ванчопе майдонга чиқмоқчи бўлиб, бир ёш футболчини туртиб юборади. Кейин эса, стадион маъмурларидан бири билан муштлашиб кетади. Бу воқеа жамоатчиликда катта мунозараларга сабаб бўлди ва ҳатто ФИФАнинг эътиборини тортди. Ванчопе эса истеъфога чиқади.

Ўша пайтларда Ванчопега ёрдам бериб келган «Алахуаэнсе» мураббийи Оскар Рамирес терма жамоа бошқарувини қўлга олишга мажбур бўлди. Оскар Рамирес ҳам ўз вақтида машҳур футболчи бўлган ва юқорида эслаб ўтилган ЖЧ-90 да терма жамоа аъзоларидан бири эди.

2002 йилдан мураббийлик фаолиятини бошлаган Рамиреснинг юлдузли онлари 2010 йилда, футболчи сифатида бир неча бор чемпионликка эришган қадрдон клуби «Алахуаэнсе»ни бошқарганидан кейин бошланди. У қаторасига беш бор клубни мамлакат чемпионига айлантирди. 2012 йилда эса, у Коста-Риканинг энг яхши мураббийи сифатида ҳам эътироф этилган.

Бугунги Коста-Рика

Фото: The New York Times

Янги мураббий қўл остида ҳам Коста-Рика тўрт йил олдинги юзини ва юлдузларини сақлаб қолган. Терма жамоа сафидаги 9 нафар футболчи Коста-Рика либосида 50дан ортиқ майдонга чиқиб улгурганининг ўзи ҳам жамоа анча тажрибали эканини кўрсатмоқда.

Терма жамоа етакчиси ва сардори эса, яна ўша, ҳозирда Португалиянинг «Спортинг» клубида тўп сураётган Брайан Руисдир. Уни Англия чемпионати мухлислари ҳам жуда яхши билишади. «Фулҳэм» сафида юздан ортиқ ўйинда майдонга тушиб, Димитар Бербатов билан ҳам яхши тандем ҳосил қилган Руис 2005 йилдан бери терма жамоа сафида ўйнаб келмоқда. У Коста-Рика сафида 109 ўйинда майдонга тушган бўлса, ярим ҳимоячи Селсо Борхес 110 ўйинда терма жамоа либосини кийган. Борхес Испаниянинг «Депортиво» клуби футболчиси саналади ва у ҳам Коста-Рика таркибида муҳим фигуралардан биридир.

Бундан ташқари, айниқса, саралаш баҳсларида ҳужум чизиғида сермаҳсул ҳаракат қилган Маркос Уреньяни ҳам тилга олиш керак. Ўтган сафарги чемпионатда Уругвай дарвозасига учинчи голни урган Маркос АҚШнинг «Лос Анжелес» клуби аъзоси саналади. Яхшигина тезликка ва голни ҳис қилиш қобилиятига эга бўлган Уренья ҳужум чизиғида тажрибали ва майдонни яхши кўрадиган Руисга жуда яхши тандем бўлиши аниқ.

Ва албатта, Коста-Риканинг асосий қуролларидан бири - дарвоза чизиғи ва уни қўриқлайдиган Кейлор Навасдир. Коста-Рика ҳали ҳам ҳимояда жуда ишончли ўйнашда давом этмоқда. Рамирес шогирдлари саралаш босқичидаги 10 учрашувда атиги 8 марта тўп ўтказиб юборишди холос - бу голларнинг иккитаси жамоа барча масалани ҳал қилиб бўлган сўнгги тур ўйинида ўтказиб юборилганди. Айниқса, АҚШга қарши икки ўйинда жамоа умумий 6:0 ҳисобида устун келгани турнирнинг ҳал қилувчи воқеаси бўлганди.

ЖЧ-2018

Коста-Рика «Е» гуруҳида дастлабки ўйинини 17 июнь куни Самарада Сербияга қарши ўтказади. Кейинги ўйин  22 июнь куни Бразилия билан. Бу учрашув Санкт-Петербургда бўлиб ўтади. Сўнгги тур ўйини эса, Швейцария терма жамоаси қарши 27 июнь куни Нижний Новгородда бўлади.

Россиядаги жаҳон чемпионатидаги гуруҳ таркиби коста-рикаликларга қайсидир маънода ўша дебют чемпионатни эслатиб юбориши мумкин. Бразилия ва икки Европа жамоаси. Ўша пайтда бу вазифани уддалаган «Los Ticos» бу сафар ҳам ўзига ишониш учун асос топа олади. Камида вазиятга аутсайдерлардек боқиб, шунчаки ўйнаб кетиш учун келмасликлари тайин. Айниқса, тўрт йил олдинги хотира ҳар қандай вазифани бажариши мумкин бўлган ишлар сирасига кирита олишига ишончимиз комил.

Мавзу
Россия мундиали

2018 йилнинг 14 июнидан 15 июлига қадар Россиянинг 11та шаҳрида 12та стадионда ЖЧ-2018 бўлиб ўтади. Россия илк бор мундиалга мезбонлик қилмоқда.

Барчаси
Top