Мундиалда ғолиб чиқиш имконияти бўлган фаворитлар бор ва уларнинг ҳар бирида чемпионлик салоҳияти етарли. Айнан ниманинг ҳисобига ютуққа эга чиқишлари мумкинлигини биламиз. Одатда, ҳар қандай турнир олдидан фаворитларнинг устунликлари кўпроқ саналади. Мабодо омадсизлик қайд этилса, камчиликлар кўрина бошлайди, мағлубият сабаблари шунчалик таҳлил қилинадики, худди, бу жамоа олдиндан ютқазишга маҳкум бўлгандек.
Келинг шу ишни биз олдиндан қиламиз. Яъни, агар бу фаворитлар қаердадир ютқазиб қўйишса, сабаб сифатида нимани кўрсатиш мумкин?
ГЕРМАНИЯ

ЖЧ-2014 ғолиби ўша мураббий ва кучли таркиб билан бешинчи чемпионлик учун келмоқда ва айтиш керакки, турнирнинг энг асосий фаворитидир. Хўш, немисларга бу сафар нима халақит бериши мумкин?
Агар Италия терма жамоаси финал босқичига йўл олганида, жавоби осон бўларди. Лекин энди, янада чуқурроқ қарашга мажбурмиз ва балки тўрт йил олдин жамоада мавжуд бўлган баъзи жиҳатлар энди топилмас? Масалан, ўшанда терма жамоа асосини «Бавария» аъзолари – Мюллер, Швайнштайгер, Лам, Боатенг, Нойер, Кроос каби футболчилар терма жамоа асосини ташкил қилар эди. Мана шу пойдевор устида бошқалар ҳам жипслашиб, жуда кучли ўйин кўрсатилганди.
Бугунги Германияда аслида истеъдодли футболчилар янаям кўпайган, Лёв тенг кучли бир неча терма жамоа тузиш имкониятига эга бўлса-да, асосий таркиб ҳақида борганда, пасайишни кутган бўлардим. Юқоридаги номлардан икки футболчи футболни тарк этди, Кроос «Реал»га ўтиб кетди. Бу ҳам майли, бугунги Германия терма жамоаси юлдузларига қарасак, уларнинг бирортаси ҳам ўз клубида асосий ўринларда эмаслигини кўрамиз. Бундеслига етакчиси «Бавария»ни олсак, ҳимояни қўшмаганда фақат Руде ва Мюллер немис футболчилари, қолганлар легионер.
Айтмоқчиманки, тўрт йил олдинги Германия нима қилишни олдиндан биладиган, салобатли ва тажрибали жамоа бўлганди, бу сафар эса, Лёв бир қатор истеъдодли футболчилардан яхлит терма жамоа тузишга муҳтождир. Ўз-ўзидан, энди аввалгидек осон бўлмайди.
АРГЕНТИНА

Аслида Аргентинанинг чемпион бўлиши учун сабаб битта – Лионель Месси. Бошқа барча факторлар аргентиналикларнинг рақобатчиларидан ожиз эканини кўрсатади. У қадар ишончли бўлмаган ҳимоя чизиғи ва камтаргина ярим ҳимоя Лионель Мессининг даражасига, унинг амбицияларига мос келиши осон эмас. Буни биз саралаш баҳсларида ҳам кўрдик. Аргентина фақат сўнгги турдаги ғалаба ёрдамида мундиал йўлланмасини қўлга киритди.





















