Бугун ЖЧ-2018 доирасида яна уч учрашув ўтказилади. Мухлислар узоқ кутган, турнирнинг асосий фаворитлари сифатида кўрилаётган Германия ва Бразилия терма жамоалари, шунингдек, мундиалдан аввалроқ «катта машҳурлик»ка эришган Мексика ўз иштирокини бугун бошлайди. Бугунга шунингдек, Сербия ва Коста-Рика жамоалари беллашуви белгиланган.

Е гуруҳи

Коста-Рика — Сербия, «Самара Арена» (Самара), 17.00 Тошкент вақти (Матч ТВ)

Бугуннинг очилиш ўйини бошқа икки жуфтликдаги каби жарангламайди - лекин Самарадаги Европа ва Америка жамоалари тўқнашуви ҳам айрим жиҳатлари билан эътиборга молик.

Коста-Рика
ФИФА рейтингидаги ўрни (июнь): 23

Дарвозабонлар: Кейлор Навас («Реал»), Парик Пембертон («Алахуэленсе»), Леонель Морейра («Эредиано»). 
Ҳимоячилар: Кристиан Гамбоа («Селтик»), Ян Смит («Норчепинг»), Рональд Матаррита («Нью-Йорк Сити»), Брайан Овьедо («Сандерленд»), Оскар Дуарте («Эспаньол»), Жанкарло Гонсалес («Болонья»), Франсиско Кальво («Миннесота Юнайтед»), Кендалл Уостон («Ванкувер Уайткэпс»), Жонни Акоста («Агилас»). 
Ярим ҳимоячилар: Давид Гусман («Портленд Тимберз»), Ельцин Техеда («Лозанна»), Сельсо Борхес («Депортиво»), Рэндалл Асофейфа («Эредиано»), Родни Уоллес («Нью-Йорк Сити»), Кристиан Боланьос («Саприсса»), Хоан Венегас («Саприсса»). 
Ҳужумчилар: Брайан Руис («Спортинг»), Даниэль Колиндрес («Саприсса»), Хоэль Кэмпбелл («Бетис»), Маркос Уренья («Лос-Анжелес»).

ЖЧ саралаши
Икки терма жамоа ҳам гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтган, серблар Уэльс, Ирландия ва Австрия каби терма жамоаларни ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллаганди. Оскар Рамирес шогирдлари эса КОНКАКАФ саралашида йўлланмани финишга 3 тур қолганида нақд қилганди, коста-рикаликлар АҚШга қарши уйда ҳам, сафарда ҳам ғалабали ўйинлар ўтказди (умумий ҳисоб 6:0), якунда коста-рикаликлар Мексика, Панама, Ҳондурас, АҚШ ва Тринидад каби терма жамоалардан иборат гуруҳда (саралашнинг охирги босқичи) иккинчи ўринни эгаллаб, чемпионатга тўғридан-тўғри йўл олди.