Жамият | 21:12 / 22.05.2018
7540
2 дақиқада ўқилади

Бухорода "Ипак ва зираворлар - 2018" фестивали бўлиб ўтади

Фото: uzbekistan.travel

25 майдан 27 майга қадар Бухоро шаҳрида XVII  халқаро "Ипак ва зираворлар - 2018" фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақида uzbekistan.travel сайтида хабар берилди

"Ипак ва зираворлар - 2018" фестивали Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Бухоро вилояти ҳокимлиги, "Ҳунарманд" уюшмасининг вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилади. Мазкур фестиваль ўзбек халқи маданий меросини асраш йўлида хизмат қилади. 

Фестивалнинг асосий мақсади — миллий ҳунармандчилик, халқ хўжалиги ютуқларини халқаро миқёсда ривожлантириш, маданий алоқаларни кенгайтириш ва Бухоро шаҳрини жаҳон туризми марказларидан бирига айлантириш.

XVII  халқаро "Ипак ва зираворлар - 2018" фестивали дастуридан миллий ансамбллар чиқишлари, мамлакатнинг барча бурчакларидан ташриф буюрган ипак маҳсулотлари ва зираворлар ишлаб чиқарувчиларининг халқаро кўргазмаси бўлиб ўтиши режалаштирилган. Шу билан бирга, бу ерда ҳунарманд усталар ишлари намойиш этилади. 

Бундан ташқари, турли маҳорат дарслари, миллий ўйинлар ва кўнгилочар машғулотлар, тасвирий ва амалий санъат галереяси кўргазмаси бўлиб ўтади. Фестиваль доирасида шунингдек Ўзбекистон тарихига бағишланган фильмлар ҳам намойиш қилинади.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид