Иқтисодиёт | 22:27 / 23.05.2018
18205
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Ўзбекистонга ҳарбий техника экспорт қилади

Фото: Tengrinews

Қозоғистоннинг “Казахстан Аселсан Инжиниринг” компанияси томонидан ишлаб чиқарилувчи  ҳарбий мақсаддаги оптик-электрон асбоблар Ўзбекистон ва Тожикистонга экспорт қилинади.

Бу ҳақдаги маълумотни компания бош директори ўринбосари Абиюр Алшимбаев тасдиқлаган.

Маълумотларга кўра, 2011 йилда ташкил этилган компания Қозоғистон мудофаа саноатининг электрон ва оптик-электрон маҳсулотлари борасидаги вазифаларини бажаради. 23 май куни компания “KADEX-2018” халқаро қурол кўргазмасида жанговар модулларнинг янги оиласини, оптик-электрон асбоблар, мобил дастурий-техник мажмуаларни тақдим қилди.   

“Биз Тожикистон ва Ўзбекистонга оптик-электрон маҳсулотлар экспорт қилмоқчимиз. Бизнинг маҳсулот рақобатбардош. Оптикада Исроил, Россия, Беларусь каби жаҳон етакчилари билан рақобатлашимизнинг ўзи кўп нарсадан дарак беради”, деб айтган Алшимбаев.

KADEX-2018 кўргазмаси 23-26 май кунлари Остона халқаро аэропорти ҳарбий сектори ҳудудида бўлиб ўтади. Кўргазмада Қозоғистон ва хорижий давлатлар мудофаа-саноати мажмуаси ва коинот соҳаси корхоналари, етакчи конструкторлик бюролари ва ахборот хавфсизлиги соҳасидаги илмий-тадқиқот институтлари иштирок этмоқда. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид