Ўзбекистон | 07:49 / 25.05.2018
13983
6 дақиқада ўқилади

Янги қарор: Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилик муносабатлари янада рағбатлантирилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилик муносабатларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси президентининг “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ - 3651-сон қарорига мувофиқ:

нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ривожлантириш ва давлат-хусусий шерикчилик муносабатларини рағбатлантириш билан боғлиқ тадбирларга йўналтириладиган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасида алоҳида очиладиган махсус ҳисобварақда жамланиши;

давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида ташкил қилинадиган нодавлат мактабгача таълим муассасаларига давлат мактабгача таълим муассасасининг бир нафар тарбияланувчисига сарфланадиган сумманинг 50 фоизидан юқори бўлмаган миқдорда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинди.

Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасининг махсус ҳисобварағи маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом;

Давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида фаолият юритадиган нодавлат мактабгача таълим муассасаларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Белгилаб қўйилишича, 2018 йил давомида махсус ҳисобварақ ташкил этилгунга қадар тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш учун ажратилган имтиёзли кредитлар махсус ҳисобварақда жамланган маблағлар ҳисобидан қоплаб берилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасининг махсус ҳисобварағи маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, махсус ҳисобварақ маблағларидан устувор равишда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигида шакллантирилган тузилган битимларнинг ягона реестрига киритилган тадбиркорлик субъектларининг давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишни назарда тутувчи лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида фойдаланилади.

Махсус ҳисобварақ маблағларидан зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигида шакллантирилган тузилган битимларнинг ягона реестрига киритилмаган тадбиркорлик субъектларининг нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишни назарда тутувчи лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида ҳам фойдаланилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси ижро этувчи дирекцияси ҳамда тижорат банклари ўртасида 3 йиллик имтиёзли давр билан камида 15 йил муддатга фоизсиз маблағ ажратиш тўғрисида бош келишув имзоланади.

Махсус ҳисобварақдан тижорат банкига маблағ ажратиш бўйича бош келишувда банк ушбу маблағлардан тадбиркорлик субъектларига мазкур Низомда назарда тутилган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида кредит бериш учун фойдаланиши қатьий белгиланади.

Махсус ҳисобварақдан тижорат банкларига тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларига кредит учун ажратиладиган маблағлар кредит ажратиш муддатига қараб, тегишли баланс ҳисобваракларида ҳисобга олинади.

Тижорат банклари кредит ажратиш бўйича буюртмаларни бош келишувга асосан Жамғармага тақдим этади.

Жамғарма тижорат банклари томонидан тақдим этилган буюртмаларга асосан 3 банк иш кунида кредит ажратиш учун ушбу маблағларни тижорат банкларининг тегишли баланс ҳисобварағига ўтказиб беради.

Тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратиш махсус ҳисобварақдан тижорат банкларига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади.

Тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларига 3 йиллик имтиёзли давр билан 15 йил муддатга йиллик 1 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ажратилади.

Тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларига кредитлар қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартлари асосида берилади.

Тижорат банклари махсус ҳисобварақдан ажратилган маблағлар ҳисобидан берилган имтиёзли кредитлар ва уларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан белгиланган тартибда Жамғармага ҳисобот топширади.

Давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида фаолият юритадиган нодавлат мактабгача таълим муассасаларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, субсидиялар нодавлат таълим муассасаларига хар ойда таълим муассасаларида таълим олаётган ҳар бир бола учун (9 ва 10,5 соатлик иш режимидаги) давлат мактабгача таълим муассасасининг бир нафар тарбияланувчисига сарфланадиган харажатлар суммасининг куйидаги миқдорларида ажратилади:

Тошкент шаҳрида - 30 фоиз;
Нукус шаҳри ҳамда вилоят марказларида - 40 фоиз;
қолган ҳудудларда - 50 фоиз.

Субсидиялар миқдорини белгилаш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги томонидан давлат мактабгача таълим муассасаларида бир нафар тарбияланувчи учун сарфланадиган харажатлар миқдори аниқланади. 

Давлат мактабгача таълим муассасасининг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммаси бир йилда бир марта Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан мактабгача таълим муассасаларининг харажатлар сметалари рўйхатдан ўтказилгандан сўнг уларга ажратилган маблағлар миқдорини умумий болалар сонига бўлган ҳолда аниқланади.

Бунда, бир нафар тарбияланувчи учун сарфланадиган харажатлар суммасини ҳисоблашда "Асосий воситалар бўйича харажатлар”. “электр энергия ва табиий газ харажатлари”, ихтисослаштирилган ва санатория типидаги мактабгача таълим муассасаларини сақлаш учун режалаштирилган маблағлар ва уларда қатновчи болалар сони ҳисобга олинмайди.

Йил давомида қонун ҳужжатларига мувофиқ иш ҳақи миқдорлари ва шартлари ўзгарган ҳолларда давлат мактабгача таълим муассасасининг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммаси миқдори тегишли қисми бўйича қайта кўриб чиқилади.

Субсидиялар тегишли молия йили учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджети. вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари параметрларида таълим соҳаси учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармалари (кейинги ўринларда молия органлари деб аталади) томонидан режалаштирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид