Ўзбекистон | 00:15 / 25.05.2018
20660
5 дақиқада ўқилади

Самарқандда боғчалар учун аутсорсинг хизмати бўйича семинар ва жиҳозлар кўргазмаси ўтказилди

Айни пайтда юртимизда мактабгача таълим соҳасини тубдан янгилаш, соҳага илғор хорижий тажрибалар ва замонавий технологияларни жалб этиш борасида катта ишлар бошлаб юборилган.

Самарқанд вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан шаҳардаги 98-мактабгача таълим муассасасида бўлиб ўтган МТМларда соғлом овқатлантиришни ташкил этишнинг янги усуллари, аутсорсинг хизмати ва унинг қулайликлари мавзусида амалий семинар ташкиллаштирилди.

98-боғчанинг жажжи тарбияланувчилари ижросидаги бадиий чиқишдан сўнг вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Нигора Садинова сўзга чиқди.

Айни пайтда Самарқанд вилоятида 579 давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларда 75 мингдан зиёд болажонлар тарбияланмоқда. Вилоят ҳокимининг МТМларда аутсорсинг хизматини ташкил этиш тўғрисидаги қарорига асосан, Самарқанд шаҳридаги бир қатор боғчаларда, жумладан 98-МТМда синов тариқасида ушбу янги хизмат тури ташкил этилди.

Аутсорсинг нима? Маълумки, барчамиз ўрганганмиз, кўникканмиз боғчаларда овқатланиш болаларни ўйин ва дам олиш гуруҳларининг ўзида амалга оширилади. Аутсорсинг хизматига кўра, болаларга таомни боғча ходимлари эмас, четдан тадбиркор пишириб, тайёрлаб беради ва болалар гуруҳларда эмас, умумий ошхонада овқатлантирилади.

Синов тариқасида ташкил этилган бу хизматни 98-МТМда «Gold Platan» хусусий корхонаси кўрсатмоқда. Корхонанинг ўз нон, қандолат махсулотлари, яхна ичимликлар ва шарбат ишлаб чиқариш цехи бор. Паррандачилик ва чорвачилик комплекси мавжуд. Ўзи етиштирган маҳсулотларни ташиб етказиш учун барча транспорт воситаларига эга.

Боғчаларда «кейтринг» хизмат турларини ҳам йўлга қўйиш ҳам мўлжалланмоқда. Бунда таомлар боғчанинг ўзида эмас, етказиб берувчи корхонада тайёрланади ва қадоқланади. Бир боғчада тайёрланган таомлар яқин орадаги бошқаларига етказиб берилиши ҳам «кейтринг» хизматига мисол бўла олади.

98-МТМда амалда намойиш этиб берилган ушбу янгилик семинарга ташриф буюрган туман МТМ бўлими раҳбарлари, боғча мудиралари ва хусусий тадбиркорларда жуда катта қизиқиш уйғотди.

«Мақсадимиз амалда намунавий тарзда ташкил этган ушбу хизматни вилоятдаги МТМ мутасадди раҳбарлари ва тадбиркорларга намойиш этиб, маълум бир йўналиш беришдан иборат», — деди Kun.uz мухбирига вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Н.Садинова.

Семинар иштирокчилари қатор йиллардан буён таълим ва тиббиёт муассасалари учун инвентарлар, мебеллар ва спорт анжомлари ҳамда буюмлари ишлаб чиқарувчи «Стеклопластик» МЧЖга ҳам таклиф қилинди.

Апрель ойида вилоят мактабгача таълим бошқармаси ва Жанубий Кореянинг Донггук университети мактабгача таълим факультети билан англашув меморандуми тузилган эди. Жанубий кореяда МТМларда фойдаланиладиган мебель ва инвентарлардан андоза олинган ҳолда «Стеклопластик» МЧЖда ҳам ёрқин рангли турли мебаллар, ўйин зоналари, болаларнинг жисмоний соғлом бўлишига ёрдам берувчи тренажёрлар кўргазмага қўйилди. «Қўрғончаи боло» МЧЖ томонидан тақдим этилган турли кўргазмали қуроллар болаларнинг фикрлаши ва онгини ўстиришга хизмат қиладиган дидактик материаллар ҳам тўпланганларда катта қизиқиш уйғотди.

«Корхонамиз қарийб 20 йилдан буён Халқ таълими вазирлигининг буюртмаси асосида таълим муассасаларига мебел ва инветарлар етказиб бериш билан шуғулланиб келмоқда. Биз Жанубий Корея ва бошқа давлатлардаги шароитлар билан танишдик, энди бугунги кун талабидан келиб чиқиб, янги турдаги мебелларни ишлаб чиқиб, боғча мудиралари, шериклик асосида олган тадбиркорлар эътиборига ҳавола этдик. Ишлаб чиқараётган жиҳозларимизнинг барчаси давлат стандарти ва СанПин меъёрларига мос келади», — дейди «Стаклопластик» МЧЖ бошқаруви раиси Ўктам Саидмуродов.

«Мен Ургут туманидан келдим. 65 ёшдаман, фермерман, озиқ-овқат маҳсулот ишлаб чиқарувчи хусусий корхоналаримиз ҳам бор. Ўзимиз, фарзандларимиз чанг лойга ботиб катта бўлдик, энди невалараимиз 120 ўринли хусусий боғча ташкил қилмоқчиман. Нон, қандолат маҳсулотлари, мева-сабзавотлар ўзимиздан чиқади. Ўзимга тегишли ер майдонидан замонавий лойиҳа асосида барпо этмоқдаман. Айни пайтда қурилиш ишлари кетмоқда. Бу ерга келиб кўзим қувнаяпти. Шунчалик ажойиб мебеллар, жиҳозлар бор экан. Албатта, боғча биноси ишга тушгач булардан харид қиламан», — дейди тадбиркор Фазилат ая Алиқулова.

Семинар ва маҳсулотлар кўргазмаси иштирокчиларда жуда катта қизиқиш уйғотди. Тўпланганларни қизиқтирган саволларига ишлаб чиқарувчиларнинг вакиллари тушунтириш бериб, жавоб қайтариб туришди.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид