Жаҳон | 01:28 / 29.05.2018
7546
2 дақиқада ўқилади

Маҳмуд Аббос миллий ярашув ва АҚШ билан муносабатлар борасида бир нечта фармон чиқармоқчи

Душанба куни шифохонадан чиққан Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос яқин орада фаластинораси яраштирув, шунингдек АҚШ ва Исроил билан муносабатларга оид бир қатор фармонларни имзолашни мўлжалламоқда. Бу ҳақида «Дунё ал Ватан» ахборот порталига унинг ташқи сиёсат масалалари ва халқаро муносабатлар бўйича маслаҳатчиси Набил Шаат хабар берган, деб ёзади ТАСС.

«Муҳим қарорлар раис Аббоснинг шифохонадан чиққанидан сўнг қабул қилинади. Уларнинг ичида энг муҳимлари миллий бирлик ва фаластинораси масалалари бўлади, — деган у. — Хусусан, фармонлар бир қатор сиёсий жиҳатлар, Исроил ва Қўшма Штатлар билан муносабатлар, шунингдек, Фаластин ҳокимиятининг халқаро фаолиятига тегишли бўлади. Улар ярашув ва Ғазо секторидаги вазият, биз бошдан кечираётган инқироз, жумладан давлат хизматчиларига ойлик маош тўлаш муаммоларини қамраб олади».

2017 йилнинг октябрида Қоҳирада Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида ҳукмронлик қилаётгн ФАТҲ ҳаракати ва Ғазога эгалик қилаётган ҲАМАС ўртасида узил-кесил ярашув ҳақида битим имзоланган эди. Келишувларга кўра, миллий келишув ҳукумати 1 декабрдан кечиктирмасдан барча Фаластин ерларида тўлиқ ҳокимиятни ўз қўлига олиши керак эди. Бироқ франциялар ўртасида юз берган зиддиятлар, жумладан, анклавда ҳокимиятнинг коалицион вазирлар маҳкамасига топширилиши туфайли ярашув битимларининг шартларини ҳаётга татбиқ этиш яна депсиниб қолган эди.

Душанба куни Маҳмуд Аббос ўзи бир ҳафтадан буён даволанаётган Рамаллоҳдаги шифохонадан чиққан. Фаластин давлатининг 82 ёшли раиси 15 май куни қулоғида жарроҳлик амалиёти ўтказганидан сўнг шамоллаш ташхиси билан ётқизишган эди. Маълум қилинишича, сешанба куни у ишга қайтиб чиқиши керак.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид