Жаҳон | 12:59 / 30.08.2025
7314
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Маҳмуд Аббос ва Фаластин маъмурияти аъзоларини БМТ йиғилишига киритмаслик учун уларнинг визасини бекор қилди

АҚШ давлат департаменти Фаластин маъмурияти президенти Маҳмуд Аббосни ва яна 80 нафар фаластинликни визадан маҳрум қилишга қарор қилди. Ғарбий Соҳилда жойлашган Фаластин расмийлари сентябрда Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган БМТнинг йиғилишига бориши керак эди. Юқори даражадаги йиғилишда АҚШнинг бир нечта иттифоқчилари Фаластинни тан олиши кутилмоқда.

Фото: Daily Sabah

Америка Қўшма Штатлари Давлат департаменти Фаластин маъмурияти президенти Маҳмуд Аббосни келаси ой Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган БМТнинг дунё етакчилари йиғилишига боришига рухсат бермади.

Давлат департаменти расмийсининг айтишича, бу қарор натижасида Аббос ва яна қарийб 80 нафар фаластинлик расмийлар визадан маҳрум қилинади ёки уларнинг визалари бекор қилинади. Улар Ғарбий Соҳилда жойлашган Фаластин маъмурияти аъзолари ҳисобланади.

Маҳмуд Аббос Нью-Йоркдаги БМТ Бош офиси ва Франция-Саудия Арабистони мезбонлик қиладиган саммитда ҳам қатнашиши керак эди. Бу ерда Британия, Франция, Австралия ва Канада каби давлатлар Фаластинни расман давлат сифатида тан олиш мажбуриятини олган.

Аббоснинг идораси виза берилмаслиги қароридан ҳайратда қолганини билдирди ва бу қарор БМТнинг «штаб-квартира тўғрисидаги келишуви»ни бузишини таъкидлади.

Reutersʼнинг ёзишича, 1947 йилда имзоланган «БМТ штаб-квартираси тўғрисидаги келишув»га кўра, АҚШ одатда хорижий дипломатларнинг Нью-Йоркдаги БМТга киришига рухсат бериши шарт. Бироқ Вашингтон хавфсизлик, экстремизм ва ташқи сиёсат сабабларини кўрсатиб визани рад этиши мумкинлигини билдирган.

Давлат департаменти жума куни ўз қарорида АҚШ ва Исроилнинг узоқ йиллик даъволарини такрорлади: «Фаластин маъмурияти ва ФОТ экстремизмни рад этмаган ва Фаластинни «бир томонлама тан олиш»га интилмоқда». Фаластинликлар бундай айбловларни рад этиб, ўнлаб йиллик АҚШ воситачилигидаги музокаралар Исроил босқинини тугатмаганини ва мустақил Фаластин давлатини таъминламаганини айтмоқда.

Давлат департаментининг қўшимча қилишича, БМТдаги Фаластин маъмуриятининг доимий ваколатхонаси ушбу чекловларга кирмайди. БМТ матбуот котиби Стефан Дужаррик бу масала БМТ ва АҚШ ўртасидаги «штаб-квартира тўғрисидаги келишув»га мувофиқ муҳокама қилинишини билдирди.

АҚШ 1988 йилда ҳам ФОТ раҳбари Ёсир Арофатга виза бермаган эди. Ўша йили БМТ Бош Ассамблеяси уни тинглаш учун йиғилишни Нью-Йорк ўрнига Женевада ўтказганди.

Ҳозирга келиб, БМТнинг 193 аъзо давлатидан камида 147 таси Фаластинни давлат сифатида тан олган. Фаластин БМТда Ватикан билан бир хил – кузатувчи давлат мақомига эга.

Фаластинликлар узоқ вақтдан бери Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий Соҳил ва Ғазода, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган давлатни тузишга интилмоқда. АҚШ эса Фаластин давлати фақат исроилликлар ва фаластинликлар ўртасидаги тўғридан-тўғри музокаралар орқали барпо этилиши мумкин, дея таъкидламоқда.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид