Шаҳрисабзда сайёр қабул: фуқаролар мурожаати вилоят 4-сектор раҳбари томонидан амалий ҳал этилди
Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчиси, 4-сектор раҳбари С.Эшматов томонидан Шаҳрисабз шаҳрида оммавий қабул ўтказилди. Бу ҳақда вилоят Давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими KUN.UZ’га хабар бермоқда.
Қабулда Шаҳрисабз шаҳри ҳудудидаги жами 8 та маҳалла фуқаролар йиғинида меҳнатга лаёқати, жисмоний имконияти чекланган, кам таъминланган фуқароларнинг ҳамда тадбиркорларнинг мурожаатлари бўйича муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шаҳрисабз шаҳрида яшовчи Луиза Мўйсинова фарзандига ногиронлик аравачаси олишда амалий ёрдам сўради.
– Ўғлим Суҳроб Рустамов юролмайди. Агар имкон бўлса, Тошкентда тажрибали шифокорлар кўригидан ўтказиш, даволатиш учун йўлланма олишда ёрдам беришингизни сўрайман, – деди Г.Нормуродова.
Шунингдек, фуқаро Гулсара Абдуллаева анча йилдан буён бетоблиги, доимий шифокор назоратида бўлиши лозимлиги сабабли санаторийга йўлланма зарурлиги юзасидан мурожаат қилди.
Ушбу мурожаатлар юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Шаҳрисабз шаҳар Тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари тегишли маълумотларни бериб, мурожаатда кўтарилган масалалар юзасидан амалий кўмак беришди.
“Яшил диёр” маҳалла фуқаролар йиғини Янги ҳаёт кўчасида яшовчи аҳоли номидан Неъмат Қосимов сўзга чиқди. Фуқаролар кўчадаги трансформатор эскирганлиги сабабли, уни янгисига алмаштириб беришни сўради. Ҳасанбой Ёқубов эса маҳалласининг йўлларини таъмирлашда кўмак сўраб мурожаат қилди. Мазкур масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилди, ижро учун аниқ муддатлар белгиланди.
– Қабулда маҳалладошларим номидан мурожаат қилдим, – дейди Бурхон Пўлатов. – Биз “Оқсарой” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаймиз. Маҳалламиз катта йўлга яқин жойда жойлашган. Лекин светофор ўрнатилмаган. Шу масалада амалий ёрдам беришларини сўрайман.
“Наврўз” маҳалласида яшовчи фуқаро Муродилло Турсуновнинг мурожаати ҳам эътиборли бўлди.
- Шаҳарда олиб борилган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари натижасида айрим савдо дўконлари бузилган эди. Шу жумладан мен савдо қилган дўкон ҳам бузилган. Менга савдо дўкони қуриш учун ер ажратишингизни сўрайман, - деди у.
Ушбу мурожаат ҳам қаноатлантирилди ва унга амалий ечим топилди. Оммавий қабулда кўриб чиқилган масала ва муаммолар муҳокама қилиниб, уларнинг аксарияти қонунчилик талаблари асосида ҳал этилди. Қолган масалалар ечими бўйича тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.
Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ мухбири
Мавзуга оид
08:54 / 12.09.2024
Шаҳрисабз аэропорти фуқаро авиацияси парвозлари учун ўз фаолиятини тиклади
08:30 / 27.07.2024
Истеъмолга яроқсиз ёғ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳолати фош этилди
15:10 / 25.07.2024
Тошкентда Lacetti’нинг бетон устунга урилиши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди
08:16 / 05.06.2024