Ўзбекистон | 22:38 / 31.05.2018
20820
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифига қадар муносабатларда ўзгаришлар кузатилмоқда

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилда Франция Республикасига ташриф буюриши кутилаётгани ҳақида хабар берилганди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Абдужаббор Абдувоҳитов давлат раҳбарининг кутилаётган ташрифлари юзасидан Kun.uz мухбирига шундай деганди:

«Франция билан алоқадор ташриф кутилмоқда. Айни пайтда биз ташрифни амалга ошириш устида иш олиб бормоқдамиз. Ўйлайманки, бу ҳақда айтса ҳам бўлади».

Қисқа фурсатда ичида Франция билан турли соҳаларда муносабатларнинг янги уфқлари бошланганига гувоҳ бўлиш мумкин. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг биринчи ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаровнинг Франция тараққиёт агентлигининг (ФТА) Осиё йўналиши бўйича директор ўринбосари Жан-Клод Пирес бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Бундан кўзланган мақсад, албатта, Ўзбекистон Республикаси ҳамда Франция Республикаси ўртасидаги молиявий-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни мустаҳкамлаш келишувига эришишдир. Шунингдек, учрашувда ФТА томонидан мамлакат чорвачилик соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш, Тошкент шаҳрининг иситиш тизимини модернизация қилиш, қуёш фотоэлектрик станциясининг қурилиши ва «Чорвоқ» эркин туристик зонасини ташкил этиш каби масалаларни муҳокама этилгани маълум қилинди. Шу ўринда агентлик Ўзбекистонга 150 млн евро ҳажмида молиявий кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирган.

Яна бир аҳамиятли учрашув Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида бўлиб ўтди.

Унда Франциянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор Бош прокурор Отабек Муродов билан учрашди. Француз элчиси янги ташкил этилган Бош прокуратура ҳузуридаги Олий ўқув курслари Академиясида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар ходимлари учун Франция давлатидан соҳа мутахассислари, экспертларни жалб этган ҳолда биргаликдаги ўқув машғулотларини ўтказишга қизиқиш билдирган.

Шунингдек, икки давлат ўртасида ҳуқуқий соҳада шартномавий-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан экстрадиция ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар тузиш зарурияти алоҳида таъкидланди.

Ана шундай учрашувлардан бири, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фуқаро муҳофазаси институтида Франциянинг Ички ишлар вазирлиги Фуқаро муҳофазаси ва фавқулодда вазиятларни бартараф этиш Бош дирекцияси экспертлари иштирокида семинар-тренинг ўтказилди.

Мақсад – аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича ўзаро тажриба алмашишдан иборат.

Иштирокчилар Франциянинг фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш тизими, кўнгилли ва профессионал қутқарувчиларни фавқулодда вазиятларга тайёрлаш, шунингдек, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш услублари билан яқиндан танишган.

Хуллас, давлат раҳбарларининг учрашуви яқинлашгани сари, турли соҳаларда ҳам аҳамиятли учрашувлар сони ва сифати ошиб бормоқда.​

Алишер Рўзиохунов

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид