Иқтисодиёт | 10:00 / 01.06.2018
4198
2 дақиқада ўқилади

Хитой қарийб бир ярим мингта товарга импорт божларини пасайтиради 

Фото: pixabay

Хитой ҳукумати 1 июлдан 1,4 минг халқ истеъмоли товарларига импорт божларини пасайтиришга қарор қилди. Тарифларнинг ўртача даражаси 15,5%дан 6,9%гача камаяди, дейилади ХХР давлат кенгаши томонидан эълон қилинган ҳужжатда.

Пасайиш ЖСТ стандартлари бўйича савдода энг яхши шароит тақдим этиш (MFN), дея номланувчи режим доирасида кенг истеъмолдаги товарларга алоқадор бўлади. Бундан ташқари, MFN учун 210та товарга вақтинчалик тарифлар бекор қилинади.

Хабар қилинишича, божлар пасайиши Хитойнинг очиқлик сиёсатини илгари суриш ва Пекин томонидан ваъда қилинган, Хитой бозорига хорижий товарларнинг киришига енгилликлар бериш бўйича чоралардан бири ҳисобланади.

Кутилишича, кийим-кечак, бош кийимлари, ошхона жиҳозлари, спорт товарларига ўртача тариф ставкаси 15,9%дан 7,1%га, маиший техника, хусусан, кир ювиш машиналари ва музлатгичларга - 20,5%дан 8%га, маиший кимё ҳамда косметикага божлар 8,4%дан 2,9%гача пасайтирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Хитой товарларига 25 фоизлик божлар жорий этилишини маълум қилганди

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид