14:43 / 01.06.2018
27937

Май ойида қандай маҳсулот ва хизматлар қимматлашди?

2018 йилнинг май ойида истеъмол бозоридаги товар ва хизматлар нархи ўртача 0,8%га кўтарилди. Шундан, маҳсулотлар нархи ой давомида ўртача 0,4%га ҳамда хизматлар 2,1%га қимматлашди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.

Жорий йилнинг май ойи давомида хизматлар тарифи нархларининг ўсиш тенденцияси апрел ойидаги каби товарлар нархларининг ўсиши суръатидан юқорилигини сақлаб қолди.

Таҳлил маълумотларига кўра, ўтган давр мобайнида асосий гуруҳлар бўйича нархларнинг ўзгариши ва уларнинг истеъмол нархлари индекси (кейинги ўринларда ИНИ)нинг ўсишига маҳсулотлар 0,3 фоиз даражасида (ф.д.) ҳамда хизматлар 0,5 ф.д.да таъсир кўрсатган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари ой давомида ўртача 0,2%га қимматлашиб, бу эса ИНИнинг умумий ўсишига 0,1 ф.д.да таъсир кўрсатди.

Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ичида нархларнинг ўсиши ҳамда пасайиши бўйича етакчилик мос равишда мевалар (ўсиш суръати 4,8%) ҳамда сабзавотлар (пасайиши 13,6%) гуруҳига тегишлидир.

Айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан алкоголсиз ичимликлар (0,9%) ва тухум (0,4%) нархлари бирмунча сезиларли даражада қимматлашди.

Бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг ўртача нархларида жиддий ўзгаришлар деярли кузатилмади.

Жорий йилнинг май ойида ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархларининг ўсиш даражаси бирмунча барқарор суръатларда сақланиб қолди. Ой давомида нархлар ўртача 0,6%га қимматлашиб, бу эса ИНИнинг умумий ўсишига 0,2 ф.д.да таъсир кўрсатди.

«УзБАТ А.О.» ҚК АЖ ишлаб чиқараётган маҳсулотлари нархининг ошириши натижасида истеъмол бозорларида сотилаётган тамаки маҳсулотларининг умумий нархлари қимматлашишига сабаб бўлди.

2018 йилнинг май ойида ҳам қурилиш материаллари нархлари ўсишдан тўхтамади. 

Ёқилғи-мойлаш материаллари бозори конъюнктурасининг ва улар билан боғлиқ биржа нархларининг ўзгариши натижасида аҳолига автомобильларга ёқилғи қуйиш шаҳобчалари орқали сотиладиган пропан ҳамда метан нархларининг (мос равишда 5,3% и 0,9%) қимматлашишига олиб келди. Айрим турдаги ноозиқ-овқат маҳсулотларидан оёқ кийим ва автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар нархлари 0,5%, кийим-кечак, ошхона жиҳозлари, алоқа воситалари ҳамда босма нашр маҳсулотлари 0,4%, асосий турдаги маиший жиҳозлар ва электр асбоблар, шунингдек, гилам ва гилам маҳсулотлари нархи ўртача 0,2%га қимматлашди. Телевизор ишлаб чиқарувчи маҳаллий тадбиркорлар ўз маҳсулотлари нархини пасайтирганликлари натижасида ушбу турга мансуб товарлар нархи истеъмол бозорида ўртача 1,8%га арзонлашди.

Айрим турдаги ноозиқ-овқат маҳсулотларидан оёқ кийим ва автомобильлар учун эҳтиёт қисмлар нархлари 0,5%, кийим-кечак, ошхона жиҳозлари, алоқа воситалари ҳамда босма нашр маҳсулотлари 0,4%, асосий турдаги маиший жиҳозлар ва электр асбоблар, шунингдек, гилам ва гилам маҳсулотлари нархи ўртача 0,2%га қимматлашди. Телевизор ишлаб чиқарувчи маҳаллий тадбиркорлар ўз маҳсулотлари нархини пасайтирганликлари натижасида ушбу турга мансуб товарлар нархи истеъмол бозорида ўртача 1,8%га арзонлашди.

Аҳоли учун хизматлар май ойи давомида ўртача 2,1%га кўтарилди. Бу эса ИНИ умумий ўсишига 0,5 ф.д.да таъсир этди.

Аҳоли учун уй-жой коммунал тўлов тарифлари ой давомида ўртача 2,3%га ошди.

Навоий вилоятидан ташқари мамлакатнинг барча ҳудудларида совуқ сув ва канализация учун тўловлар жорий йилнинг май ойидан эътиборан оширилди. Навоий вилоятида ушбу соҳа бўйича нархлар март ойида оширилганди. Нархларнинг сезиларли даражада қимматлашиши Тошкент шаҳри (22,4%) ва Қашқадарё вилоятида (20,4%) кузатилган бўлиб, нархларнинг бирмунча паст суръатларда ўсиши эса Сирдарё (7,0%) ҳамда Наманган (7,4%) вилоятлари ҳудудида қайд этилган.

Шу йилнинг май ойидан бошлаб аҳоли учун иссиқ сув ҳамда иссиқлик таъминоти тарифларида янги нархларнинг жорий қилиниши ҳудудлардаги иссиқлик етказиб берувчи ташкилотларнинг «Иссиқлик манбаи» корхоналари билан декларация асосидаги янги шартнома нархларининг кучга киритилиши билан бевосита боғлиқдир. Иссиқ сув ҳамда иссиқлик таъминоти нархларининг энг юқори суръатларда ошиши Жиззах (мос равишда 34,6% ва 34,5%) ҳамда Хоразм вилоятлари (иккита тариф 22,7%) ҳудудида қайд этилди. Нархларнинг аксинча, паст суръатларда ўсиш ҳолати Самарқанд вилоятида кузатилган (иссиқ сув ҳамда иссиқлик таъминоти нархлари 4,3%га қимматлаган). Навоий вилоятида эса нархлар 2018 йилнинг март ойида оширилганди.

ХУЖМШ тўловлари мамлакатнинг олти ҳудудида ошганлигини қайд этилган бўлиб, бу соҳада нархларнинг сезиларли даражада қимматлашганлиги Сурхондарё вилоятида 1,7 баробар, Сирдарё вилоятида эса ушбу кўрсаткич бор йўғи 1,8%ни ташкил этган.

Йўловчи ташиш транспорти хизматлари нархи ой давомида ўртача 2,3%га ошди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Андижон, Наманган ва Самарқанд вилояти хокимликлари қарорига асосан ушбу ҳудудлардаги шаҳар автобус транспортларида йўл ҳақи тўловлари оширилган. Андижон ва Наманган вилоятларида ушбу кўрсаткич ўртача 66,7%, Самарқанд вилоятида 33,3% ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида эса 28,6%ни ташкил этган.

Узоқ масофага қатновчи темир йўл транспорти чипталарининг нархи ой давомида 9,3%га арзонлашди (сўмга нисбатан Швейцария франки курсининг пасайиши, шунингдек, бир қатор йўналишлар бўйича базовий тарифларга нисбатан индексация коэффиентларининг камайтирилганлиги натижасида нархларда пасайиш ҳолатлари кузатилган).

Самолёт чипталарининг нархлари ўртача 3,0%га арзонлашиши сўмга нисбатан евро курсининг пасайиши оқибатида вужудга келди.

Маиший турдаги хизматлар нархи ойда ўртача 1,0%га қимматлашди.

Ушбу гуруҳдаги айрим тур хизматлардан ҳаммом ва душ хизматлари (2,9%), пуллик автотураргоҳ хизматлари (1,8%), электр жиҳозлари ҳамда уй-жой таъмири хизматлари (1,0%) нархлари қолган хизмат нархларига нисбатан сезиларли даражада қимматлашди.

Умумий меҳмонхона хизматларининг ошиши бир қатор ҳудудлардаги меҳмонхона номерларида яшаш нархларининг қимматлашганлиги натижасида юзага келди. Анъанавий туризм масканлари Самарқанд ҳамда Хоразм вилоятларида нархларнинг ўсиши бирмунча юқорироқ даражада (мос равишда 18,8% ва 17,2%) бўлиши билан бир қаторда Андижон вилоятида ушбу кўрсаткич бор йўғи 2,0%ни ташкил этган.

Top