Ўзбекистон | 21:31 / 02.06.2018
10183
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Орол бўйича халқаро анжуман бўлиб ўтади

Фото: kun.uz

7-8 июнь кунлари Тошкентда “Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янги ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтади.

Анжумандан мақсад Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолияти доирасида Оролбўйи муаммоларини ҳал қилишда Орол минтақаси давлатларининг ҳаракатларини мувофиқлаштириш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича амалга оширилаётган дастурлар таҳлили ва уларга баҳо бериш, Оролбўйи минтақасидаги экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилашга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишдаги ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олиш, уларни амалга ошириш учун инвестицияларни жалб қилишдан иборат.

Анжуманда Марказий Осиё давлатлари вазирликлари, идоралари ва жамоат такшилотлари ҳамда парламент депутатлари, 20 та давлатдан етакчи мутахассислар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, атоқли олимлар ва мутахассислар иштирок этишади.

Анжуман иштирокчилари 7 июнда Оролбўйи ҳудуди – Нукус ва Мўйноқ шаҳарларига, Орол денгизи тубида ҳосил бўлган “Кемалар қабристони”га ташриф буюришиб, ҳудуддаги экологик вазият билан танишишади, маҳаллий аҳоли ва давлат идоралари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари билан учрашув ўтказишади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид