Ўзбекистон | 11:39 / 02.06.2018
11745
2 дақиқада ўқилади

Жазо чорасини гаров эвазига озод қилишга ўзгартириб беришга ваъда қилиб, 117 млн олган шахс ушланди

Фото: iStock

Тошкент шаҳар ИИББга судланган шахснинг отаси мурожаат қилиб, адвокатлар ёрдамида озодликдан маҳрум этиш чорасини бошқа эҳтиёт чорасига ўзгартириб беришга ваъда берган таниши устидан шикоят қилди, деб хабар бермоқда пойтахт ИИББ ахборот хизмати.

Қайд этилишича, К.М.нинг хатоси шундаки, у 2016 йилда жиноят содир этгани сабаб жавобгарликка тортилган ўғлининг иши бўйича шахсан ўзи тажрибали адвокатларга мурожаат қилиш ўрнига, таниши Х.О.га ишонгани бўлган.

Х.О. адвокат танишлари ёрдамида М.нинг ўғлига қўлланилган жазо чорасини гаров эвазига озод қилиш чорасига ўзгартириб беришга ваъда берган ва бунинг учун ундан 117 миллион сўм олган. Бироқ унинг ўғлига нисбатан қўлланилган жазо чораси ўзгартирилмаган, Х.О. олган пулларини ўз эҳтиёжига сарфлаб юборганлигини тан олган.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Жиноят қидирув бошқармаси Иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш бўлими тезкор ходимлари томонидан тўпланган далилий ашё ва маълумотлар асосида гумондор Х.О. қўлга олиниб, Бош бошқарманинг Тергов бўлимига топширилди ва унга нисбатан фирибгарлик жинояти бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид