Жамият | 00:35 / 05.06.2018
11140
4 дақиқада ўқилади

Хайрия: Россиядаги амалиётлар Фарҳоджонга ижобий таъсир кўрсатди – энди у иккинчи босқични кутмоқда

Қодир Аллоҳ Ер юзини турфа рангда яратиб, турфа махлуқотларга бошпана қилиб берди. Унда инсон зотини ўзига ўринбосар қилиш билан Одам фарзандини шарафлади. Ўринбосари бу дунё ҳаётида қандай истиқомат қилишини синаш учун Ерни ўткинчи майдон бўлишини ирода қилди. 

Кимдир яхшилик қилишга ўч бўлса, яна кимдир нафс ва шайтон қулига айланади. Инсон зоти яралибдики, ҳаётда турли синовларга дуч келади. “Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ бўлади. Бунга деярли ҳар биримиз ҳаётимизда бир неча бор амин бўлганмиз, десак хато қилмаймиз. 

Ўша қоронғу кунларда кимдир бошқаларнинг моддий ва айниқса маънавий ёрдамига муҳтож бўлади. Тошкент тумани Келес шаҳрида истиқомат қилувчи ватандошимиз Фарҳоджон Худойназаров ҳаётининг қоронғу кечаларини бошидан кечираётганлардан. Аммо унинг ёруғ кунлари яқинлашмоқда, инша Аллоҳ. Шундай дейишга асосларимиз бор. 

Маълумки, KUN.UZ сайти даҳшатли ЙТҲ оқибатида бошидан қаттиқ жароҳат олган ва кома ҳолатига тушиб қолган Фарҳоджоннинг даволаниши учун хайрия акцияси ўтказган эди

Бир неча ой ичида унинг Россияда жарроҳлик амалиёти ўтказиш ва даволаш курсини ўташи учун зарур маблағ йиғилди. Шундан сўнг, А.Л.Поленов номли Россия нейрожарроҳлик илмий-тадқиқот институти шифохонасига йўл олди.

Биз Фарҳоджон Санкт-Петербургдан қайтганини эшитишимиз билан шундай фазилатли кунларда унинг ҳолидан хабар олиш мақсадида хонадонига бордик. 

Онаси Мамлакат опанинг айтишича, жарроҳлик амалиёти жуда яхши ўтган. Фарҳоджоннинг аввалги ҳолати билан таққослаганда сезиларли ижобий ўзгариш бор. У атрофга қарамоқда, гапирган кишига кўзини юмиш билан жавоб қайтармоқда, эснаш, аксириш, йўталиш кабилар бор. 

Фақат Фарҳоджон бир марталик муолажа билан оёққа турмаслиги маълум бўлган. У насиб бўлса, шу йилнинг август-сентябрь ойида А.Л.Поленов номли Россия нейрожарроҳлик илмий-тадқиқот институти тавсиясига биноан яна ушбу шифохонага боради. У ерда иккинчи босқич муолажаларни олади, бош чаноғининг чап томонида пластик операция қилинади. 

Бунинг учун Фарҳоджон яна ҳамюртлари, саховатпеша ватандошлари, сиз яхшиларнинг моддий ва маънавий кўмагига муҳтож. Азизлар, шуни қувонч билан таъкидлаш керак, сиз-у биз, Фарҳоднинг даволаниши учун катта-кичик ҳиссасини қўшганлар, қўшаётганлар, дуосида эслаганлар, эслаётганлар барчамиз Аллоҳнинг инояти билан яна бир катта ютуқ остонасида турибмиз. 

Биргаликда яна ғайрат қилсак, бир мақсад йўлида жипслашсак, соғайишни бошлаган Фарҳоджон ҳаётида ҳам ёруғ кунлар бошланса, жажжи фарзандларининг бағрига қайтиб, уларнинг қувончига бизларни ҳам шерик қилса! Шундай бўлади ҳам Худо хоҳласа. Бунинг учун озгина вақт, сабр ва сиз-у бизнинг моддий-маънавий кўмагимиз зарур. Азизлар, келинглар, савобни тўлиқ қилайлик, хайрли амалимизни охирига етказиб қўяйлик, Фарҳоджон шифо топишига ёрдам берайлик!

Хайрия қилмоқчи бўлганлар учун:

Click, Payme ​(Агробанк)

8600 0417 7251 4833

Ҳудойназарова Мамлакат​

Агробанк VISA

4187 8200 0007 0720

Тел: +99893 565 09 63 Ҳудойназарова Мамлакат​

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид