Соғлиқни сақлаш вазирлигида Республика Бош прокуратураси билан ҳамкорликда 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурининг ижросини таъминлаш юзасидан “Коррупцияга қарши курашиш соҳасида лицензияловчи орган мансабдор шахслари ва ходимларининг масъулиятини янада ошириш” мавзусида семинар ташкил этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Шунингдек, семинарда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш ва давлат хизматлари кўрсатиш борасида қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар, янгича тартиб-тамойиллар, тиббий хизматни лицензиялаш жараёнида қонунийлик, шаффофлик, адолат принципларига риоя этиш, бу тизимда коррупциянинг олдини олишда мутасаддилар зиммасидаги вазифалар хусусида сўз юритилди.
Халқаро валюта жамғармасининг маълумотига кўра, дунёда коррупция ва порахўрлик натижасида йилига 1,5-2 триллион доллар маблағ ўзлаштирилиб, жаҳон иқтисодиётига жуда катта зарар етказилмоқда.
Бу муаммо мамлакатни ҳам четлаб ўтмаяпти. Жумладан, тиббиёт тизимида ҳам бундай ҳолатлар учраб турибди. Жорий йилнинг ўтган 4 ойи мобайнида соҳанинг турли йўналишларида ана шундай ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйган 28 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиётнинг барча бўғинида бундай муаммоларнинг олдини олиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Жумладан, тиббий хизматни лицензиялаш жараёнида очиқлик, ошкоралик, қонунийликни таъминлашга устувор аҳамият қаратилаётир. Шу мақсадда соҳага ахборот-коммуникация технологияларига асосланган замонавий усуллари татбиқ этилган.
Президентнинг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Ушбу қарорга мувофиқ, хусусий тиббиёт муассасалари шуғулланиши мумкин бўлган тиббий ихтисосликлар 50тадан 126тага кўпайди. Хусусий клиникаларга давлат томонидан қатор молиявий имтиёзлар берилмоқда. Бундан ташқари, лицензия олиш учун берилган аризани кўриб чиқиш муддати 30 кундан 20 кунга қисқартирилди, лицензия олиш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 5 бараваригача камайтирилди.

















