Ўзбекистон | 18:46 / 31.12.2025
2397
2 дақиқада ўқилади

Коррупцияга қарши Миллий сертификатлаштириш менежмент тизими жорий этилади

Тизим биринчи навбатда Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими натижаларига кўра «қониқарсиз» деб баҳоланган давлат органлари ва ташкилотларида жорий қилинади.

Фото: Kun.uz 

«Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, давлат органлари ва ташкилотларидаги коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг фаолияти Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан узвий ҳамкорликда ташкил этилади.

2026 йил 1 июлдан давлат органлари ва ташкилотларида 2030 йилгача босқичма-босқич коррупцияга қарши Миллий сертификатлаштириш менежмент тизими жорий этилади.

Ушбу тизим биринчи навбатда Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими натижаларига кўра «қониқарсиз» деб баҳоланган давлат органлари ва ташкилотларида жорий этилади.

Давлат органлари ва ташкилотларида Миллий сертификатлаштириш менежмент тизимини жорий этиш Агентлик томонидан тасдиқланадиган режа-графикка мувофиқ босқичма-босқич амалга оширилади.

Миллий сертификатлаштириш менежмент тизимининг белгиланган муддатларда жорий этилмагани давлат органи ёки ташкилоти раҳбари ва ўринбосарларига тизим жорий этилгунга қадар бўлган муддатда барча рағбатлантириш тўловлари тўхтатиб турилишига сабаб бўлади.

Агентлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, илмий муассасалар, коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ва фуқаролик жамияти институтларининг доимий ҳамкорлигига асосланган Коррупциянинг олдини олишнинг яхлит тизими жорий этилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид