Ўзбекистон | 20:42 / 31.12.2025
3334
2 дақиқада ўқилади

Коррупция ҳақида хабар берган шахсларга ҳимоя ордери тақдим этилади

Коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни меҳнат фаолиятида таъқиб, тазйиқ ҳолатларидан ҳимоя қилиш мақсадида, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳимоя ордери тақдим этилади.

Фото: iStock

“Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

Унга кўра, “Рақамли комплаенс” ахборот дастурий комплекси 2026 йил 1 июлдан синов режимида ишга туширилади.

Унда қуйидаги имкониятлар бўлади:

- Коррупциянинг олдини олиш кластери иштирокчилари ўртасида тезкор маълумот алмашиш;

- Дастурий комплекснинг “E-Komplaens” модулини ишга тушириш орқали коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига (Агентлик) давлат органлари ва ташкилотлари марказий аппаратининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларига тизим ташкилотларига қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган кўрсатма ва уларни бартараф этиш юзасидан тақдимномалар киритиш ҳуқуқи берилади.

Коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни меҳнат фаолиятида таъқиб, тазйиқ ҳолатларидан ҳимоя қилиш мақсадида, Агентлик томонидан ҳимоя ордери тақдим этилади.

Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга муносиб ҳисса қўшган шахсларни рағбатлантириш мақсадида “Коррупцияга қарши курашишга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид