22:54 / 08.06.2018
27736

Хайрия: БАС касаллигидан азият чекаётган ҳамюртимизга ёрдам қўлини чўзайлик!

Инсон зоти ҳаётида турли босқичлар, хурсандчилик ва мусибатли, хафалик кунларини ўтказади. Аслида буларнинг барчаси билан одам боласи ва унинг атрофидаги жамиятнинг бошқа аъзолари синалади. Кимдир унга оғир кунларда ёрдам қўлини чўзади,  яна кимдир фақат хурсандчилик кунларига шерик бўлади. 

KUN.UZ сайти ўз олдига оғир кунларда ватандошларимиз ҳолида хабар олиш, уларнинг дардига малҳам бўлиш, бу борада уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва саховатпеша юртдошларимизнинг савобли ишларида сабабчи бўлишни мақсад қилган. Шу муносабат билан сайт мухбирлари Тошкент шаҳри, Сергели тумани, Қурувчи мавзесида ижарада истиқомат қилаётган Гулноза Саъдуллаева хонадонида бўлди. 

1979 йил февралида таваллуд топган Гулноза 2013 йилдан буён БАС касаллиги (ҳаракатлантирувчи нейронлар хасталиги, Шарко хасталиги) билан курашиб келади. 4 фарзанднинг онаси бўлган қўшработлик аёлнинг аҳволи тобора оғирлашмоқда. Касаллик аниқланганидан сўнг, турмуши бузилган Гулноза бошқалар ёрдамига, доимий назоратида бўлишига муҳтож. 

Маълум бўлишича, бу хасталикка йўлиққан беморни Ўзбекистонда даволашнинг имкони йўқ. Германиянинг Дюсселдорьф университети клиникаси бемор текширувлардан ўтганидан сўнг, уни бошқа кишига муҳтож бўлмайдиган ҳолатга келтира олишини билдирган. Яқинлари шу ҳолатга бўлса ҳам келишларини хоҳламоқда. Бироқ моддий имконият йўқлиги истакларни рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилмоқда.  

БАС касаллиги аста-секинлик билан ривожланиб борувчи, марказий асаб тизимининг бедаво дегенератив хасталиги ҳисобланади. Унда бош миянинг юқори қатлами (ҳаракатлантирувчи қатлами) ва ҳаракатлантирувчи нейронларнинг қуйи (орқа миянинг олд шохлари ва чаноқ асаблари ядроси) қисмлари зарарланади. Бунинг натижасида бемор шол бўлиб қолади. Мушаклар қисқариши бузилади. Таъкидлаш ўринлики, дунёда бу касаллик билан хасталаниш ҳолатлари 100 минг кишига 0,86дан 2,5гача оралиқда кузатилади. 

Саховатпеша, хайр-эҳсонни хуш кўриб, ихлос билан қилувчи азиз ватандошлар, KUN.UZ сайти сизларга яна бир бор мурожаат қилади. 5 йилдан бери оғир дарддан азият чекаётган, 4 фарзандни бир ўзи тарбиялаётган онага саховат қўлларимизни чўзайлик. Зора Қодир Аллоҳ бизнинг моддий ёрдамимиз сабабчи бўлиб, ватандошимиз Гулнозага дардидан шифо берса! Яхшилар, Рамазони шариф ойини қулай фурсат билиб, хайриётларимизни кўпайтириб қолайлик!

Саъдуллаева Гулноза (+998 97 448 55 81 – келини)

PAYME, CLICK (Agrobank)

8600 0417 8276 9641

Ҳ/р: 2020 6000 4000 0031 3000
        2020 6000 1990 2867 0001

МФО 00313

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top