Жамият | 23:39 / 08.06.2018
18414
3 дақиқада ўқилади

Спиртли ичимликка муккасидан кетган ака ўз укасининг қотилига айланди

2018 йил 8 июнь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман судида Муҳамедов Раҳматжон Аҳмаджановичга нисбатан жиноят иши кўрилди. Очиқ суд мажлиси судья А.Жалилов раислигида ўтказилди.

Р.Муҳамедов ижтимоий фойдали меҳнат фаолияти билан шуғулланиш, оила даромадига ҳисса қўшиш, оила қуриб соғлом ҳаёт кечиришни йўлга қўйиш ўрнига спиртли ичимлик истеъмол қилиб боқиманда ҳаёт кечиришга ўрганиб қолади. Бундан ташвишга тушган укаси Муҳамедов Зафаржон Аҳмаджанович  акасига ўринли эьтирозлар билдириб келади.

2018 йил 10 март куни соат 00:10ларда З.Муҳамедов яшаш хонадонига спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда келиб, у билан ўзаро жанжаллашиб қолганлигидан ва укаси З.Муҳамедовдан қасд олиш учун қулай шароит юзага келганлигидан фойдаланиб, уни қасддан ўлдириш мақсадида хонадон ошхонасидаги хўжалик пичоғини қўлига олиб, дастлаб укаси З.Муҳамедовни уч маротаба чап кўкрак соҳасига, сўнг бир маротаба ўнг оёқ сон қисмига уриб, укасига ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказади. Сўнг ҳодиса жойидан қочиб кетади. З.Муҳамедов эса олган жароҳатлари натижасида ҳодиса жойида вафот этади.

Муҳамедов Раҳматжон Аҳмаджановичга Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодекси 97-моддасининг 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан Ўзбекистон Республикасининг ЖКнинг 57-моддасини (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 8 (саккиз) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ЖК 96-моддасига (Алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка йўлиққан шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги чораларни қўллаш) асосан Р.Муҳамедовга нисбатан жазони ўташ жойларида алкоголизмдан мажбурий равишда даволаниш чоралари белгиланди.

Ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан ўн сутка ичида, маҳкум ҳукм нусхасини олган кундан эътиборан шу муддат ичида, апелляция тартибида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясига шикоят бериши ёки протест билдириши, ҳукм қонун кучга киргандан сўнг кассация тартибида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясига шикоят бериши ёки протест билдириши тушунтирилди.

 

Мавзуга оид