Ўзбекистон | 23:18 / 10.06.2018
16634
2 дақиқада ўқилади

"Ўзбекистон сайёҳларда мамлакат иқтисодий ўсиш калитини кўрмоқда" - NHK World

Фото: www3.nhk.or.jp

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ошиб бораётганига доир видеолавҳа NHK World - Japan'да тақдим этилди. Унда узоқ йиллардан кейин Ўзбекистонда сайёҳлар оқими кўпайиши кузатилаётгани ҳақида сўз юритилади.

Япониялик мухбир Самарқанднинг марказий бозорларидан биридаги қуритилган мевалар ва ёнғоқлар сотувчиси Суннат Мўминжоновни суҳбатга тортади. Сотувчи бозордаги вазият ўзгаргани, сайёҳлар ўтган йилларга қараганда анча кўпайганини, бизнес ўсаётганини таъкидлайди. 

Видеорепортажда авваллари аксарият харидорлар ва сайёҳлар Тожикистондан келгани, бугунга келиб эса бу бозорда деярли барча миллат вакиллари бўлгани қайд этилган. Туристларнинг бундай оқими Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг янги сиёсати билан боғлиқ экани, сайёҳлар билан боғлиқ вазиятлар президент олиб бораётган ислоҳотлар натижасида ижобий томонга ўзгараётгани таъкидланган.

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон 2010 йилдан буён биринчи марта қўшни Тожикистон билан чегараларни очди. "10 йилдан ортиқ вақт давомида кўрмаган қариндошларим билан учрашиш мени жуда қувонтирди", - дейди чегарадан ўтганлардан бири.

Буюк Ипак йўли билан боғлиқ бой тарихи туфайли Самарқанд ЮНЕСКО меросига кирган қатор обидаларга эга. Шундай экан, давлат сайёҳларда иқтисодий ўсиш калитини кўрмоқда, дейилади видеолавҳада. 

Франциялик сайёҳлардан бирининг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг тарихий обидалари жуда чиройли. "Самарқанддаги обидаларда бутун бир тарихни кўриш мумкин. Шунинг учун ҳам бу обидалар дунёнинг турли бурчакларидан сайёҳларни жалб қилмоқда", - дейди сайёҳ.

Видеолавҳада Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси собиқ раиси Азиз Абдуҳакимов сайёҳлар оқими ҳақида сўзлар экан, олдиндаги уч йил давомида мамлакатга келаётган сайёҳлар сонини 5 миллионга етказиш режалаштирилганини маълум қилди. 

Ўтган йили Ўзбекистонда 2,5 миллиондан зиёд сайёҳ келган, бу эса мамлакатда туристлар оқими ўсиши 25 фоиздан ошганидан далолат бермоқда, дея якун ясалади NHK World - Japan видеорепортажида. 

Мавзуга оид