Жамият | 15:07 / 11.06.2018
11174
3 дақиқада ўқилади

Андижонда касблар фестивали бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ва Улуғнор туманида кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлисда аҳоли ўртасида тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш борасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг келгусидаги фаолиятини тадбиркорликка йўналтириш мақсадида вилоятдаги мавжуд 119та касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ҳамда уларнинг ота-оналари иштирокида «Андижонда ҳар бир оила тадбиркор» шиори остида кенг тушунтириш ишлари ташкил этилмоқда.

«Касб-ҳунар ва тадбиркорлик билан келажак сари» фестивалида вилоят ҳокимлиги, прокуратураси, ички ишлар бошқармаси раҳбарлари, иш берувчи корхона ва ташкилотлар, тижорат банклари вакиллари, касб-ҳунар коллежларининг 3 минг 500 нафардан зиёд битирувчилари ва уларнинг ота-оналари иштирок этишди. Битирувчилар томонидан 3 йил давомидаги ўқиш жараёнида эгаллаган 117та касб бўйича 30 турдан ортиқ кўргазмалар намойиш этилди.

«2018 йил – фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» давлат Дастури доирасида касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари ва ўқувчилари томонидан яратилган инновацион қурилмалар, ҳаракатли макетлар ва техника ижодкорлиги маҳсулотлари, энг яхши бизнес-режалар, пайванд конструкциялар ишлаб чиқариш, дурадгорлик ва пол ётқизиш ишлари, қурилиш ва пардозлаш ишлари, кулолчилик ҳамда ҳайкалтарошлик санъатига мансуб ижодий ишлар кўргазмалари иштирокчиларга манзур бўлди.

Анжуманда илк бор 70та касб-ҳунар коллежида 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларининг 10-синф ўқувчилари учун ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларининг биринчи йил битирувчилари ҳам иштирок этишиб, эгаллаган 48та касблари бўйича ўзлари яратган маҳсулотларини намойиш қилдилар.

Касблар фестивалида иштирок этган вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Серобиддин Исмоилов ҳамда Манзурахон Юнусова ўқувчи-ёшлар томонидан ишлаб чиқилган техник ижодкорлик ва эгаллаган касблари бўйича яратилган маҳсулотлар кўргазмасига юқори баҳо бердилар.

Тадбир давомида совриндор  спортчи-ўқувчилар, ҳарбий йўналишдаги махсус гуруҳда таҳсил олаётган йигитларнинг чиқишлари ҳамда таълим муассасалари мусиқа йўналишидаги ўқувчиларнинг концерт дастури иштирокчиларга намойиш этилди.


Элмурод Эрматов, Андижон
KUN.
UZ мухбири

Мавзуга оид