Жамият | 16:44
2160
2 дақиқада ўқилади

Андижонда Malibu пиёдалар йўлидан ўтаётган уч кишини уриб кетди

Андижон шаҳрида Malibu 2 ҳайдовчиси тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган уч нафар пиёдани уриб юборди. Жабрланувчилардан икки нафари шифохонада вафот этган. Ҳайдовчи қамоққа олинган.

Фото: Видеодан кадр

Андижон вилояти Андижон шаҳрида пиёдалар ўтиш жойида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати хабар қилди.

Ҳодиса 25 июн куни соат 17:55 ларда шаҳарнинг «Янги Бўстон» МФЙ, Амир Темур шоҳкўчасида юз берган.

1997 йилда туғилган Р.З. ўзига тегишли Malibu 2 русумли автомобилда тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган уч нафар пиёдага йўл бермаган ва уларни уриб юборган.

Воқеа акс этган видеода уларнинг камида бир нафари бола эканини кўриш мумкин.

ЙТҲ оқибатида жабрланганлар шифохонага олиб борилган. Шифокорлар кўрсатган тиббий муолажаларга қарамай, улардан икки нафари вафот этган.

Ҳозирда ҳайдовчи процессуал тартибда қамоққа олиниб, ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид