Жаҳон | 10:15 / 11.06.2018
3823
2 дақиқада ўқилади

Италия 600 дан кўпроқ муҳожир бўлган гуманитар кемани қабул қилишдан бош тортди

Фото: AFP/LOUISA GOULIAMAKI

Италия ички ишлар вазирлиги 600 дан кўпроқ муҳожир бўлган гуманитар кемани қабул қилишдан бош тортди ва унга Мальтага боришни таклиф қилди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар берди.   

SOS Mediterranee гуманитар гуруҳининг Aquarius кемаси бортида асосан Италия ва Испания соҳилбўйи қўриқлаш хизмати томонидан Ўрта ер денгизида қутқарилган 629 муҳожир бор бўлиб, уларнинг барчаси Ливиядан 9 июнда Европа томон жўнашган.

Бироқ Мальта ҳам қутқарув амалиётига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини рўкач қилиб, кемани қабул қилишни истамаган.

“Мальта ҳеч кимни қабул қилмайди, Франция одамларни ортга қайтариб юборади, Испания ўз чегараларини қурол билан ҳимоялайди. Бугунги кундан бошлаб Италия ҳам одамлар савдоси, ноқонуний мигарцияга “йўқ” дейди. Менинг мақсадим бу ёшларга Африкада ва бизнинг фарзандларга Италияда тинч ҳаётни кафолатлашдан иборат”, деб ёзган Facebook’да “портларимизни ёпамиз” хештеги остида Италиянинг янги ички ишлар вазири Маттео Сальвини. 

Сальвини Италия парламентига сайланган, 1 июнда эса ички ишлар вазири этиб тайинланган. У ушбу қарори билан Италияга ноқонуний муҳожирлар оқимини тўхтатиш ваъдасини амалга оширишга киришмоқда. 

Охирги 5 йил ичида 600 мингдан кўпроқ африкалик муҳожир денгиз орқали Италия соҳилларига етиб келган.

Мавзуга оид