Италия ташқи ишлар вазирлиги пропагандачи Владимир Соловёвнинг мамлакат бош вазири Жоржиа Мелони ҳақидаги ҳақоратли баёнотлари туфайли Россия элчиси Алексей Парамоновни чақиртирди.

Италия ташқи ишлар вазири Антонио Таянининг X ижтимоий тармоғидаги постида айтилишича, Парамоновга Соловёвнинг «ўта жиддий ва ҳақоратли баёнотлари» муносабати билан расмий протест билдирилади. Вазир бош вазирни қўллаб-қувватлаган ва у билан «тўла бирдамлиги»ни билдирган.

Соловёв «Соловьев Live» ютуб-каналидаги шоусида Мелони манзилига аввалига италянчада ҳақоратли сўзлар айтган, кейин эса русчасига уни «ўз сайловчиларига хиёнат қилган фашист махлуқи» ва «инсоният учун иснод» деб атаган. «Хиёнат – унинг иккинчи исми: у ўзи садоқат изҳор этган Трампга хиёнат қилди», – деган у.

Италия президенти Сержио Маттарелла ҳам Мелони билан бирдамлигини айтган ва россиялик телебошловчининг сўзларини «қўполлик» деб баҳолаган.

Жоржиа Мелонининг ўзи эса Соловёвнинг сўзларига ижтимоий тармоқдаги саҳифасида жавоб қайтариб, «режимнинг ашаддий тарғиботчиси на изчиллик, на эркинлик борасида сабоқ беришга ҳақли» эканини қайд этган.

«Бошқалардан фарқли ўлароқ, ҳеч ким бизнинг ипимиздан тортмайди, хўжайинимиз йўқ, бизга буйруқ ҳам беришмайди. Бизда фақат битта мўлжал бор: Италия манфаатлари», – деган Мелони.

Россиянинг Италиядаги элчиси Алексей Парамонов ўзининг ТИВга чақирилишини «устунга зарба» деб атаган. У Россия раҳбарияти вакилларидан ҳеч ким Мелони хоним манзилига ҳам, Италия манзилига ҳам ҳақоратли сўзлар айтмаганини қайд этган.

«Ташқи ишлар вазирлигига чақириш учун ҳозирги сабабни – таниқли россиялик журналист, гарчи жуда истеъдодли ва халқ орасида машҳур бўлса-да, ўзининг шахсий онлайн каналида айтган сўзларни – 
дипломатик амалиётда қабул қилинган деб ҳисоблаш қийин», – деган элчи.

Соловёвнинг бош вазир ҳақидаги сўзларини Италия нашрлари ҳам эътиборсиз қолдирмади. Хусусан, La Repubblica ва Domani нашрлари, ANSA агентлиги Мелонига қилинган ҳақорат ҳақида ёзди.

Италия собиқ бош вазири Жузеппе Конте ва мухолифатдаги Демократик партия етакчиси Элли Шлейн ҳам Мелонини қўллаб-қувватлаган.

Пропагандачи Владимир Соловёвнинг тажовузкор услуби ва телебошловчининг аёлларга нисбатан беписанд, кўпинча ҳақоратли сўзлари ўтган ҳафтада ҳам эътибор марказида бўлганди.