Спорт | 09:20 / 11.06.2018
7335
2 дақиқада ўқилади

Россияга велосипедда келган саудиялик ўз юрти терма жамоаси машғулотига ташриф буюрди

Саудия Арабистонидан Россиядаги жаҳон чемпионатига велосипедда келган саёҳатчи Фаҳад Иброҳим Ал-Яҳё Саудия Арабистони терма жамоасининг Санкт-Петербургдаги ёпиқ машғулотига ташриф буюрди. У миллий терма жамоани бевосита қўллаб-қувватлаш учун 5 минг кмдан кўпроқ йўл босиб ўтган. 

Фото: Петр Ковалев/ТАСС

“Бу ғоя менда 20 йилдан бери бор эди. Мен 1998 йил Франциядаги жаҳон чемпионати вақтидаёқ Францияга бориб, жамоамизни қўллаб-қувватлашни орзу қилгандим. Бироқ орзуим эндигина ушалди”, деб айтди Ал-Яҳё.

Мухлис Россияга келиш учун Миср, Туркия, Грузия ва Россия ҳудудларидан ўтишига тўғри келган. Унинг бу ташаббуси Саудия Арабистони раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланган. “Бизнинг монархлар менга давлатимиз байроғини беришди ва мен уни Москвадаги элчимизга топширдим”, деб таъкидлаб ўтди саудиялик мухлис.   

Фото: Саудия Арабистонининг Москвадаги элчихонаси

Ал-Яҳё тажрибали саёҳатчи бўлишига қарамай, йўлда саргузаштларга дуч келмасликнинг иложи бўлмаган. Унинг айтишича, гоҳида баъзи давлатлар чегарачилари билан можаролар чиққан. “Мен Россияда энг яхши нарсаларни кўрдим. Менга ҳамиша “Хуш келибсиз” дейишарди. Адлердан Москвагача менга ҳеч ким халақит бермади, ҳамиша қўллаб-қувватлашди. Кейинги йилда бу ерга оилам билан яна меҳмонга келаман”, деб қўшимча қилди Ал-Яҳё.

Ал-Яҳёнинг миллий терма жамоа машғулотида пайдо бўлиши саудиялик мухлислар орасида машғулотнинг ўзидан кам бўлмаган қизиқиш уйғотди. Мухлислар Ал-Яҳёни қаҳрамон деб атаб, ундан дастхатлар олишган.

Фото: soccernews

Саудия Арабистони А гуруҳида Россия (14 июнь, Москва, “Лужники”), Уругвай (20 июнь, Ростов-Дон) ва Миср (25 июнь, Волгоград) билан беллашади.

Мавзуга оид