Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда яна бир ҳукумат комиссияси ташкил этилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида Халқ таълими вазирлигининг “Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларини дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжатда умумий ўрта ва ўрта махсус таълимнинг ўқув режаси ва дастурлари, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни замон талабларига мувофиқ яратиш, уларни нашрга тайёрлаш ва нашр этиш борасидаги муаммо ва камчиликлар белгилаб берилган.
Ҳужжат билан узлуксиз таълим тизими учун ўқув дастурлари ҳамда дарсликларни қайта кўриб чиқиш ва янгиларини яратиш бўйича Ҳукумат комиссиясининг таркиби тасдиқланиши мумкин.
Қуйидагилар Ҳукумат комиссиясининг асосий вазифалари этиб ҳисобланади:
дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни ҳамда касбий таълим йўналишлари бўйича ўқув қўлланмаларни яратиш, нашр этиш ва қайта нашр этишнинг молиялаштириш манбалари ва ҳажмларини аниқлаш;
дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни ҳамда касбий таълим йўналишлари бўйича ўқув қўлланмаларни яратиш, уларни экспертизадан ўтказишишларини мувофиқлаштириш;
дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни ҳамда касбий таълим йўналишлари бўйича ўқув қўлланмаларни яратиш, нашр этиш ва қайта нашр этишни амалга оширадиган нашриёт ва босмахоналар ҳамда муаллифлар рўйхатини тасдиқлаш, зарур ҳолларда унга ўзгартиришлар киритиш;
ривожланган давлатларнинг умумий ўрта таълим тизимида қўлланилаётган дарсликларни таржима қилиш, миллий таълим дастурларини уларга мувофиқлаштириш ҳамда улардан самарали фойдаланиш юзасидан қарор қабул қилиш;
дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни ҳамда касбий таълим йўналишлари бўйича ўқув қўлланмаларни яратиш, мазмунан ва сифат жиҳатидан яхшилаш, нашр этиш ва қайта нашр этишни ташкил этиш жараёнларини танқидий ўрганиш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш;
дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг умумий ўрта ва ўрта махсус таълимнинг давлат таълим стандартларига ва замонавий методик талабларга мувофиқлигини назорат қилиш;
дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни ҳамда касбий таълим йўналишлари бўйича ўқув қўлланмаларни яратиш, нашр этиш ва қайта нашр этиш жараёнларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.
Белгиланишича:
Ҳукумат комиссияси ҳузурида умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг техник регламентини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳ ҳамда умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари учун умумтаълим фанларидан янги авлод дарсликлари ва ўқув-методик мажмуаларини яратиш, уларни экспертизадан ўтказиш бўйича экспертлар гуруҳи тузилади ҳамда доимий равишда фаолият юритади;
умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари учун умумтаълим фанларидан дарсликларни экспертизадан ўтказганлик учун ҳар бир муаллифлик табоғига энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробари миқдорида ҳақ тўланади.
Ҳукумат комиссиясига:
ишчи гуруҳ ва экспертлар гуруҳи таркибини ҳамда уларга юклатилган вазифаларни самарали бажаришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш;
ишчи гуруҳ ва экспертлар гуруҳи таркибига юқори малакали мутахассисларни жалб этиш;
икки ой муддатда дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни мазмунан ҳамда сифат жиҳатидан яхшилаш, уларни нашр этиш жараёнида тўсиқ бўлаётган тизимли муаммоларни аниқлаш;
экспертлар гуруҳи таклифлари асосида умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари учун такомиллаштирилган таянч ўқув режаси ҳамда ўқув дастурлари ишлаб чиқилишини ташкил этиш;
таълим дастурларидаги узвийлик ва узлуксизлик тамойилларидан келиб чиқиб, яратиладиган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг фанлараро алоқадорлигини ҳамда умумий ўрта ва ўрта махсус таълимнинг давлат таълим стандартларига мутаносиблигини таъминлаш вазифаси юкланади.
Ҳужжатга кўра, шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:
а) умумтаълим фанларидан:
умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-синфлари дарсликлари ҳамда 1-4-синфлари учун мўлжалланган машқ дафтарлари ҳар йили;
умумий ўрта таълим муассасаларининг 2-4-синфлари дарсликлари
3 йилда бир марта;
умумий ўрта таълим муассасаларининг 5-11-синфлари дарсликлари ҳамда ўрта махсус таълим муассасаларининг дарсликлари 5 йилда бир марта нашр этилади;
б) дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни ҳамда касбий таълим йўналишлари бўйича ўқув қўлланмаларни яратиш, нашр этиш ва қайта нашр этиш бўйича нашриётлар ва босмахоналар билан тендер (танлов) савдоларисиз тўғридан-тўғри шартномалар тузилади;
в) янги нашр этиладиган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар ўқув жараёнида фойдаланиш учун жорий этилишидан икки йил олдин яратилади ҳамда бир йил давомида таянч умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида тажриба-синовдан ўтказилади;
г) умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчиларининг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, педагог ходимларнинг фикрини ўрганиш ҳамда умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари кутубхоналарини инвентаризациядан ўтказиш натижалари асосида навбатдаги ўқув йили учун нашр этиладиган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар рўйхати ва миқдори ҳар йили 1 октябргача Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади;
д) амалда мавжуд бўлган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчиларига ижарага бериш тизими ҳамда умумий ўрта таълим муассасалари кутубхоначиларига лавозим маошининг 20 фоизигача миқдорда устама ҳақ белгилаш тартиби сақлаб қолинади.
е) умумий ўрта таълим муассасаларининг касбий таълим йўналишлари бўйича ўқув қўлланмалар умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синф ўқувчилари сонидан келиб чиққан ҳолда кутубхона фонди учун нашр этилади.
Узлуксиз таълим тизими учун ўқув дастурлари ҳамда дарсликларни қайта кўриб чиқиш ва янгиларини яратиш бўйича ҳукумат комиссияси қуйидаги таркибда тасдиқланиши мумкин:
1. Абдухакимов А. - Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари, комиссия раиси
2. Иноятов У. - Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири, комиссия раиси ўринбосари
3. Мажидов И. - Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири, комиссия раиси ўринбосари
4. Сайфуллаев Б. - Ўзбекистон Республикаси маданият вазири
5. Шодмонов А. - Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири
6. Шин А. - Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири
7. Лавозимига кўра - Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари
8. Тангриев Л. - Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори
9. Kаримов А. - Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бош директори
10. Сайидов С. - Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси
11. Сирожиддинов Ш. - Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори
12. Рахимов Ғ. - Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори
13. Шарипов Ш. - Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори
14. Абдуллаев Р. - Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тарих институти директори
15. Вахобов М. - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ахборот-таҳлил департаменти бош мутахассиси, Ҳукумат комиссияси котиби
Мавзуга оид
18:34 / 26.04.2026
“Дача”ларнинг электрон базасини яратиш ва ижара нархларини назорат қилиш режалаштирилмоқда
09:35 / 01.04.2026
Мобил тарифларга янги талаблар жорий этилиши мумкин
08:11 / 18.03.2026
Битирувчилар учун 3 йил ишлаб бериш талаби бекор қилиниши мумкин
11:59 / 17.12.2025