Жамият | 23:31 / 14.06.2018
7460
3 дақиқада ўқилади

Арафа куни Навоийда эҳтиёжмандларга уй ва аравачалар берилди

Юртимизда муборак Рамазон ҳайити шукуҳи кўнгилларга қувонч улашмоқда. Навоий вилоятида ҳам ана шу муқаддас айёмнинг мазмун-моҳиятини одамларга тушунтириш, уларни руҳий поклик, яхшилик ва ҳамжиҳатликка даъват этишга бағишланган қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш, эҳтиёжманд кишиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасидаги эзгу ишларда эса, давлат ва нодавлат ташкилотлар билан бирга, кенг жамоатчилик ҳам фаол қатнашмоқда.

Рамазон ойида Навоий вилоятидаги 78 та жомеъ масжидида таровеҳ намозлари ўқилди ва уларда 4,5 мингга яқин юртдошларимиз иштирокида Қуръони карим хатмоналари қилинди.

Барча маҳаллаларда Рамазон ҳайитини азалий урф-қадриятларимиз, миллий ҳамда диний анъаналаримизга муносиб тарзда нишонлаш мақсадида ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд кишилар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз яшовчи, ногиронлиги бўлган оилаларга яқиндан кўмаклашилмоқда.

14 июнь куни вилоятда 210 нафар жисмоний имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачалари, 43 нафар уй-жойга муҳтож, меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган ва эҳтиёжманд фуқароларга намунавий лойиҳадаги арзон уйлар, шинам хонадонлар калитлари тантанали равишда топширилди.

Вилоят ҳокими Қ.Турсунов тадбирда сўзга чиқиб, юртимизда халқнинг орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш, унинг турмуш даражасини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Айниқса, ўзгалар кўмагига муҳтож, жисмоний имконияти чекланган аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, эмин-эркин яшаши, ўз имкониятлари даражасида меҳнат қилишига кенг йўл очиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани вилоят ҳокими томонидан алоҳида қайд этилди.

Кармана туманидаги «Оқшом» тантаналар масканида ногиронлиги бор шахсларга махсус аравачалар топширилиб, байрам дастурхони ташкил этилди. Кўнгли ярим инсонлар бундай хайру саховат тадбирлари ҳамда эътибордан мамнун эканликларини изҳор этишди.

Навоий шаҳридаги кўп йиллардан буён ётоқхона сифатида фойдаланиб келинган бино турар жойга мослаштирилиб, ногиронлиги бор ҳамда боқувчисини йўқотган оилаларга берилди. Шаҳарнинг «Янгиобод» маҳалласида ёлғиз фарзанди ва синглиси қарамоғида ижарада яшаб келаётган I гуруҳ ногирони Марҳабо Жўраевага 2 хонали шинам уйнинг калити топширилди.

Шу куни Кармана туманининг Варқ массивида ҳам 2 сотихлик намунавий лойиҳадаги уй-жойларга бир гуруҳ эҳтиёжманд оилалар ҳамда меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган фуқаролар кўчиб ўтди.

Ўз мухбиримиз.

Мавзуга оид