Жаҳон | 08:45 / 18.06.2018
7070
2 дақиқада ўқилади

Македония номини ўзгартириш тўғрисида битим имзоланди

Фото: REUTERS/Alkis Konstantinidis

Греция ва Македония ташқи ишлар вазирлари Никос Котзиас ҳамда Никола Димитров собиқ Югославия республикасининг янги расмий номи тўғрисидаги келишувни имзоладилар, дея хабар беради Reuters.

Келишувни имзолаш маросими 17 июнь куни Греция ва Македония чегарасидаги Преспес кўли атрофидаги курорт ҳудудда икки давлат бош вазирлари иштирокида ўтказилди.

Келишувга кўра, Шимолий Македония Республикаси Болқон давлатининг янги расмий номи бўлади. Шартнома олти ой ичида кучга кириши кутилмоқда, аммо уни аввал ҳар икки давлат парламентлари ратификация қилиши лозим. Бундан ташқари, номни ўзгартириш масаласи Македонияда ўтказиладиган референдумда тасдиқланиши керак.

Македония номини ўзгартириш ҳақидаги баҳс республика 1991 йилда Югославия таркибидан чиққанидан сўнг кузатилиб келинди. Греция Македония Республикасининг номини тан олишдан бош тортди, сабаби қўшни давлат Грециянинг Македония провинциясига даъво қилиши мумкин эканидан хавфсираган.

Македония ном билан боғлиқ низо туфайли узоқ вақт давомида Европа Иттифоқи ва НАТОга киришга даъвогарлик қилиш ҳуқуқига эга бўлмади. Греция бу мавзуда музокараларни доимо блоклаб келган.

Мавзуга оид