Ўзбекистон | 08:28 / 20.06.2018
6771
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда энди оғир ва ўта оғир жиноятларга чек қўйган ходимлар ой якунида мукофотланади

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси президенти «Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан белгиланишича, 2018 йил 1 августдан Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш кучлари таркибида хизмат олиб бораётган ходимлар ва ҳарбий хизматчиларга ҳар ойлик иш якуни бўйича патруллик ҳудудида оғир ва ўта оғир жиноятларга бевосита чек қўйганлиги, уларни аниқлаганлиги ёки фош этганлиги, шунингдек, тергов ва суддан яширинган шахсларни ушлаганлиги учун лавозим маошининг 50 фоизигача бўлган миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш тартиби ўрнатилади.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига сутканинг кечки ва тунги вақтида процессуал ҳаракатларни ўтказишда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш тавсия этилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миллий гвардия билан биргаликда Концепция талабларини инобатга олган ҳолда икки ҳафта муддатда:

жамоат тартибини таъминлаш кучлари таркибида биргаликда патруллик хизматини ўташ тартибини, жумладан, автомобилларда ва пиёда патруллик қилишнинг аралаш услублари механизмини назарда тутган ҳолда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

амалдаги патруль йўналишларининг жойлашувини ўзгарувчан оператив ва криминоген вазиятга мувофиқ тарзда жамоат тартибини сақлаш кучларини тезкор ҳаракатлантириш механизмини жорий этган ҳолда қайта кўриб чиқади;

сутканинг оралиқ вақтига мувофиқ жамоат тартибини таъминлаш кучлари шахсий таркибининг қайта тақсимланишини таъминлайди;

сутканинг кечки ва тунги вақтида хизмат олиб борилиши устидан таъсирчан назоратни таъминлаш бўйича ўз хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чораларини кўради.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда Концепцияга мувофиқ сутканинг кечки ва тунги вақтида хизмат олиб бораётган ҳамда фаолият юритаётган ходимлар ва ҳарбий хизматчиларнинг овқатланишини ташкил этиш ва бунинг учун шарт-шароитлар яратиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид