Жаҳон | 11:07 / 21.06.2018
4369
2 дақиқада ўқилади

Россия БАА фуқароларига коинотга мунтазам парвозлар бўйича таклиф беради

Фото: Алексей Филиппов/РИА «Новости»

Россия ва Бирлашган Араб Амирликлари 2020 йилдан сўнг «Союз» кемаларида Амирлик фазогирларининг Халқаро космик станцияга (ХКС) мунтазам парвозлари эҳтимолини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда РИА «Новости» ракета-космик соҳадаги манба маълумотига асосан хабар берди.

Роскосмос хабарига кўра, Россия ва БАА ҳозирги пайтда Россиянинг «Союз МС-12» бортида ХКСга Амирликдан бўлган бир фазогирни танлаб олиш, юбориш ва парвозига тайёргарлик кўриш бўйича дастлабки келишувни имзолаган.

«Ҳозирда битта қисқа муддатли парвоз тўғрисида келишувга эришилди, бироқ давомийлиги 30-40 сутка бўлган парвозлар серияси ҳақида музокаралар давом этмоқда», - деган манба.

Унинг сўзларига кўра, Амирлик фазогирлари Америка хусусий космик кемалари учирила бошлангач, парвозлар сериясига қўйилади. Бу пайтда хорижий астронавтлар ўз кемаларида ХКСга парвоз қилади ҳамда Россиянинг «Союз»ида бўш жойлар пайдо бўлади.

Унинг таъкидлашича, гап коинотга 2020 йилдан сўнг парвоз қилиш ҳақида бормоқда.

«Ҳозирги пайтда аниқ муддатлар йўқ», - дея хулоса қилган манба.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид