Жамият | 02:00 / 28.06.2018
13260
5 дақиқада ўқилади

“Хайрият, Kun.uz ишлай бошлади!” — байрам қандай қарши олингани ҳақида

​Ўзбекистонда матбаа ва оммавий ахборот воситалари ходимлари байрами бу йил ўзгача қарши олинди, дейилса ҳам бўлади. Бундай деб айтишимизга ўзига хос субъектив сабаблар мавжуд. Масалан, Kun.uz ва бошқа сайтлар билан юз берган техник носозликлар серҳаракатчанлик билан бартараф этилди.

Гапнинг индаллосини айтсак, 18 июндан буён техник носозлик туфайли Ўзбекистоннинг йирик ахборот, янгилик тарқатувчи сайтларига кириш қийин бўлиб қолди. Бу орада сайт мутасаддилари ва техник ходимлар масалага турли томондан ёндашиб, ечим излади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялар ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири Азим Ахмедходжаев билан учрашувдан сўнг, вазирлик мазкур масала билан астойдил шуғулланиши, ваколати доирасида барча ёрдам кўрсатилиши билдирилди.

Шундан сўнг, ташқи DDOS ҳужумлар, сервердаги бир қанча носозликлар, узоқ вақт давомида йиғилган трэш-спамлар сайт фаолиятига салбий таъсир кўрсатгани аниқланди. Бизга бу масалада катта ёрдам кўрсатган Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялар ва коммуникацияларни ривожлантириш вазир​лиги ҳузуридаги Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази техник ходимларига миннатдорчилик билдирамиз.

Энди асосий гапга қайтсак. “Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфасини шакллантиришда ғоят муҳим роль ўйнаётган” матбуот ва ОАВ ходимларини қутлаб, шахсан Шавкат Мирзиёев табрик йўллади.  Унда айтилишича, оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиши зарур. Бу – замон талаби, ислоҳотларимиз мақсади.

“Ҳақиқатан ҳам, ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам адолат тамойилига, ўзининг ҳаётий ва ижодий принципларига содиқ қолиш, одамларни қийнаётган камчилик ва муаммоларни дадиллик билан кўтариб чиқиш, уларни бартараф этиш учун жамоатчилик фикрини шакллантиришга, аввало, сизлар каби маънавий жасорат эгаларигина қодир бўлади”, дейди давлат раҳбари табрик сўзида ва бу ишонч барча ҳамкасбларимизга куч-ғайрат бағишлайди, деб ишонамиз.

Kun.uz сайти билан юз берган техник носозликлардан хавотирга тушиб, мурожаат йўллаган муштарийларимиз кўп бўлди. Булар орасида давлат ташкилотлари, корхона ва идора раҳбарлари ҳам самимий кўмагини таклиф этди. Ахборот ҳамкорларимиз шунчаки “ҳамдард”лигини билдириш билан чекланиб қолишмади, балки амалий ёрдам бериш истагида эканлигини уларнинг ҳар бир сўздан англаш мумкин эди.

27 июнь юртимизда Матбаа ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида кенг нишонланди. Ўзбек миллий академик драма театрида ана шу санага бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Унда вазирлик ва идоралар, жамоат вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ноширлар, матбаачилар, фахрий журналистлар, олий ўқув юртлари журналистика факультетларининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг матбаа ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригини давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.

Кун давомида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги биносида муносиб журналистларни серунум меҳнати учун тақдирлашди. Бироз ўтиб, Ўзбекистон Республикаси президентининг матбуот котиби Комил Алламжонов журналистлар билан ноформал учрашувда иштирок этиб, ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди.

Ўзбекистонда 27 июнь — матбаа ва оммавий ахборот воситалари ходимлари байрами ўзгача қарши олинди. Сайтдаги носозлик бартараф этилди, байрамона кайфият улашиб, барча яқинларимиз, ахборот ҳамкорлар, вазирлик ва ташкилот раҳбарлари табрик йўллади. Энг муҳим сўзни халқ айтди: “Хайрият, Kun.uz ишлай бошлади!”

Ҳурматли Kun.uz муштарийлари!

Ижтимоий тармоқлар ва айрим ОАВларда тарқатилаётган, текширилмаган хабарлардан сақланишингизни тавсия қиламиз.

Эркин ва мустақил журналистика катта ислоҳотларга юз бурган Ўзбекистоннинг ажралмас бир қисми бўлиб қолмоқда, сўнгги пайтда давлат раҳбари, ҳукумат аъзолари ва парламентарийлар бунга катта аҳамият бермоқда.

Яна бир бор эслатамиз: Kun.uz сайти билан юз берган техник носозлик бартараф этилди. Бизни кузатиб боришингиздан мамнунмиз.

Таҳририят.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид