Ўзбекистон | 20:10 / 28.06.2018
8779
2 дақиқада ўқилади

Хорижда яшовчи ватандошларимиз Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ривожланиш стратегияси устида ишлашмоқда

Фото: Халқаро Пресс-клуб

"Буюк келажак" экспертлар кенгаши Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун хориждаги ўзбекистонликларнинг интеллектуал элитасини тўплади. Кенгаш раиси, Россиянинг "Роснано" компаниясида истиқболли лойиҳаларни ривожлантириш блоки раҳбари Алишер Калонов бугун шундай баёнот берди.

Тошкентда турли соҳалар экспертлари Ўзбекистоннинг 2035 йилгача узоқ муддатли ривожланиш стратегияси концепцияси муҳокама қилинадиган форумга старт берилди. "Биз Ўзбекистонда ўтказилаётган катта ислоҳотларда фойдаси тегиши мумкин бўлган интеллектуал элитани тўпладик", - деди Каланов тадбирдаги кириш сўзида. 

"Бизнинг таклифларимиз президент ташаббусига таянади, бироқ биз янада узоқ - 2035 йилгача ривожланиш стратегияси устида ишлашни кўзда тутяпмиз. Мамлакат нимага эришмоқчилигига доир визионер мақсадлар қўйиш керак. Бизда барча йўналишлар бўйича мутахассислар бор", - деди Каланов.

Бу ишда, қўшимча қилади у, имкон қадар кўпроқ Ўзбекистондан ташқарида яшовчи, етарлича базавий таълим олган, дунёнинг йирик компанияларида тажрибага эга бўлган, интеллектуал ва профессионал салоҳиятли  ватандошларимиз иштирок этишлари керак, ислоҳотларни амалга оширишда айнан шундай кадрларга талаб катта. 

Калановнинг ишонч билан таъкидлашича, бу ишда қатнашиш истагида бўлганлар сони ҳафта сайин ошиб бормоқда. Эксперт платформаси ҳозирча 155 аъзога эга.

"Биз бу экспертлар билангина чекланиб қолмоқчи эмасмиз. Мақсадимиз - кўрсаткичларни 300 ё эҳтимол, 400 кишигача етказиш. Биз ватанимиз олдидаги бурчимизни адо этишга тайёрмиз", - деди Кенгаш раиси. Унинг сўзларига кўра, маҳаллий экспертлар ҳам унинг таркибига қўшилиши мумкин.

Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ривожланиш стратегияси шунингдек халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда ишланмоқда. Якуний ҳужжат Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

Мавзуга оид