Ўзбекистон | 10:21 / 28.06.2018
7487
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ташкил этилди 

Фото: EPA/SERGEI ILNITSKY

Ўзбекистон Республикаси президенти «Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқ дипломатияси маркази ташкил этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ҳужжжат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқалар қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Фанлар академияси, Бадиий академия, Ёшлар иттифоқи, Журналистлар ижодий уюшмаси, Ёзувчилар уюшмасининг улар муассислигида нодавлат нотижорат ташкилоти кўринишидаги муассаса шаклида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Қуйидагилар Марказ фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгиланди:

ШҲТ мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлашга, цивилизациялараро мулоқотни кучайтиришга кўмаклашиш;

ШҲТ мамлакатлари билан маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришда, делегацияларнинг ўзаро ташрифларини уюштиришда иштирок этиш;

ШҲТ мамлакатларининг фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари ўртасида дўстона ҳамкорлик муҳитини қарор топтириш учун шарт-шароитлар яратиш;

ШҲТ мамлакатлари ўртасида ахборот соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, ахборот ресурсларини шакллантириш ҳамда ШҲТнинг мақсадлари, вазифалари, фаолиятининг устувор йўналишлари ва асосий принципларини кенг тушунтириш мақсадида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш, ШҲТ мамлакатларининг маданий-гуманитар соҳада эришган ютуқлари тўғрисида ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш ва уларни мунтазам чоп этиб бориш;

ШҲТ мамлакатлари ва уларнинг халқларини бир-бирига яқинлаштириш, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик руҳини мустаҳкамлаш мақсадида халқ дипломатияси воситаларидан фойдаланиш.

Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

давлат субсидиялари, ижтимоий буюртмалар ва ижтимоий шериклик доирасида ажратиладиган грантлар;

техникавий кўмаклашиш воситалари, халқаро ва хорижий ҳукумат, ноҳукумат ташкилотлари, тижорат банклари ҳамда бошқа ташкилотларнинг Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлашга ажратадиган грантлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

Марказга:

ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш доирасида вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларидан зарур статистик ва таҳлилий ахборотни талаб қилиш ва бепул олиш;

илмий, маданий, маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш учун давлат мулки бўлмиш мажлислар зали ва концерт залларидан (ана шу заллар ўз тасарруфида бўлган субъектлар билан келишилган жадвал бўйича) бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилди.

Қўмита:

Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Марказ фаолиятини моддий-техник ва ахборот жиҳатдан таъминлаш, шунингдек, Марказ тадбирларида иштирок этиш учун хорижий экспертларни таклиф қилиш мақсадида техникавий кўмаклашиш воситаларини ва грантларни жалб этиш масалаларини ШҲТ ҳамда бошқа халқаро ва хорижий ташкилотлар билан пухта ишлаб чиқишда Марказга ёрдам кўрсатади;

Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Миллий телерадиокомпания билан биргаликда ШҲТ мамлакатлари ўртасида маданий-гуманитар, спорт ҳамда бошқа алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантиришда маданият, спорт, туризм ва ОАВ соҳасидаги тадбирларни ташкил қилишда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Миллий телерадиокомпания Марказга ёрдам беради.

Марказ Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 45-уйда ижара ҳақи “ноль ставка” бўйича жойлаштирилади.

Мавзуга оид