Жаҳон | 20:45 / 01.07.2018
3236
2 дақиқада ўқилади

Мексикада янги президент танланмоқда

Фото: The Washington Pos

1 июлда Мексикада умумий сайловлар бўлиб ўтмоқда. Мексикаликлар 2018 йил декабрда лавозимига киришадиган янги президентни 6 йиллик муддатга сайлашмоқда. Шунингдек, сенаторлар, депутатлар, шаҳарлар мэрлари, муниципал депутатлар ҳам сайланадилар. 

Шу муносабат билан мамлакатда 157 минг сайлов участкаси фаолият олиб бормоқда. Маълум қилинишича, мамлакатда 89,3 млн одам сайлаш ҳуқуқига эга.  

Мексика президенти лавозимига 4 номзод даъвогарлик қилмоқда. Улар: “Биргаликда тарихни яратамиз” коалициясидан номзод Андрес Мануэль Лопес Обрадор, “Барчаси Мексика учун” коалицияси номзоди Хосе Антонио Мид, “Мексика учун фуқаролик фронти” коалицияси номзоди Рикардо Анайя ва мустақил номзод, Нуэво-Леон штатининг собиқ губернатори Хайме Родригес Кальдерон.

Охирги ижтимоий сўровларга кўра, президент лавозими учун курашда Лопес Обрадор ғалаба қилиш учун кўпроқ имкониятга эга. Бу унинг учинчи сайлов кампанияси ҳисобланади.

Президент сайловлари бир турдан иборат бўлиб, энг кўп овоз тўплаган номзод ғолиб бўлади. Сайловлар боришини Мексика партияларининг 2,7 млнга яқин вакили, 30 мингга яқин маҳаллий ва 900 дан кўпроқ хорижий кузатувчилар кузатиб боради.   

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид