Ўзбекистон | 00:26 / 02.07.2018
11903
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда Ёшлар куни: Вилоят ҳокими ёшлар билан учрашди

Самарқанд вилоят ҳокимлигида 30 июнь — ёшлар куни муносабати билан «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув асносида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят кенгаши раиси Абдулло Аслонов кириш сўзи билан чиқиб, ёшларни табриклади ва вилоят ёшлар иттифоқи томонидан ўтган бир йил ичида бажарилган ишлар сарҳисоб қилинган видеоролик намойиш этилди.

Жумладан, айни пайтда вилоятнинг 3 миллион 270 минг аҳолисидан 2 миллион 200 минг нафари ёшлардан иборат эканлиги қайд этилди. Уларнинг 360 мингдан зиёди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи аъзоси эканлиги, «Камалак» болалар ташкилотига аъзолар сони эса 467.654 нафарга етгани айтиб ўтилди. 

Вилоятда 1659 нафар ёш тадбиркор, 446 нафар ёш фермер ва ҳоказоларга 5 миллиард 813 миллион 200 минг сўм кредит ажратилгани санаб ўтилди. Ўтган бир йил давомида 8422 нафар ёшлар иш билан таъминланган. Бир йил давомида ўтказилган 4391та турли тадбирларда 40 мингга яқин ёшларнинг иштирок этгани қайд этилган.

Шундан сўнг вилоят ҳокими Туробжон Жўраев Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшларига байрам муносабати билан йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистон Республикаси президенти фармони билан «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланган самарқандлик ёшлардан Камолжон Оқилов ва Илҳом Баҳромовга кўкрак нишони, 50 минимал иш ҳақи миқдоридаги пул мукофоти, шунингдек, мамлакатимиз президенти томонидан тақдим этилган исми туширилган қўл соатлари топширилди.

Ҳоким вилоятнинг энг фаол ёшлари билан юзма-юз тарзда суҳбатлашди, уларни қизиқтирган масалалар юзасидан мулоқот қилди.

Самарқандда Ёшлар куни марказий истироҳат ва шаҳар сайлгоҳларидаги томошалар, чиқишлар ва кўргазмалар билан давом эттирилди. Кечқурун марказий истироҳат боғидаги «Мўъжиза» амфитеатрида байрам концерт дастури билан давом эттирилди.

Мавзуга оид