Жамият | 10:11 / 03.07.2018
14983
3 дақиқада ўқилади

Хайрия акцияси натижаси: ўзбек халқи навбатдаги ютуқларни қўлга киритди

KUN.UZ сайти Рамазони шариф ойида оғир дардга чалинган юртдошларимиз ҳолидан хабар олиш баробарида уларга моддий ёрдам беришни кучайтириш мақсадида кўплаб хайрия акциялари ўтказди.

Шундай акциялардан бири 2 июнь куни Дарьяна Шагай ҳақида ўтказилди.

Хайрия: митти аммо журъатли Дарьяна шифо топишига ҳисса қўшайлик

Ўшанда Дарьянинг бош миясида арахноидал киста борлиги, уни Жанубий Кореяда даволаш мумкинлиги, бунинг учун моддий ёрдам зарурлиги ҳақида сўз борган эди. Ушбу хайрия акцияси эълон қилинганидан қисқа вақт ичида Ўзбекистондаги ва хориждаги ватандошларимиз, бошқа хайр-саҳоватли инсонлар кўмагида зарурий маблағ – 13 минг АҚШ долларидан ортиқ пул йиғилди. Виза билан боғлиқ ишлар ижобий ҳал қилинганидан кейин Дарьяна Шагай онаси Яна билан 15 июнь куни Ж.Кореяга йўл олди. 

Бизга маълум қилишларича, Дарьяна Ж.Кореяда жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказган. Унинг онаси қизининг ҳозирги аҳволи ҳақида суратларни бизга тақдим этди ҳамда бундай ижобий ва қувончли натижага ўзбекистонликлар билан бирга эришилганини алоҳида қайд этди. Шу муносабат билан Яна Дарьянинг даволанишига озми-кўпми ҳисса қўшган барча ватандошлар, хориждаги инсонларга ўз миннатдорчилигини изҳор қилиб, ташаккурларини етказиб қўйишни сўради.

Муборак Рамазон ойида кўп сонли хайрия акциялари қаторида Тошкент Чиноз туманида дунёга келган Умринисонинг юрак порогидан фориғ бўлишига доир акция ҳам ўтказилган эди.

Хайрия: Умринисонинг митти юраги шифо топишида кўмаклашайлик!

Бу сафар ҳам хайр-саҳоватли ватандошларимиз умид билан чўзилган қўлларни қуруқ қайтармади. “Имкони борлар моддий маблағ билан ёрдамлашган бўлса, бошқалар дуоларида ёдга олишди”, - дейди Умринисонинг отаси Баҳром. Таъкидлаш ўринлики, қисқа вақт ичида Умринисо учун Ҳиндистонда тиббий кўрикдан ўтиш ва зарур бўлса жарроҳлик амалиётини ўташига зарур бўлган маблағ йиғилди. Оила 1 июль куни Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрига йўл олди.

KUN.UZ сайти ватандошимиз Баҳром турмуш ўртоғи ва қизалоғи Умринисо билан, Яна эса шўх қизчаси Дарья билан бағри бутун бўлиб, дардлардан фориғ бўлган ҳолда, батамом соғайиб ватанларига қайтишларига умид ва ишонч билдириб қолади. 

Мазкур хайрия акцияларида иштирок этиб, баҳоли қудрат ҳисса қўшган барча ватандошларимизни Аллоҳ икки дунё саодатига етказсин! Икки дунё ғам кўрманг азизлар!

Мавзуга оид