Жаҳон | 21:03 / 03.07.2018
4745
2 дақиқада ўқилади

Индонезияда бортида 140 йўловчи бўлган паром чўкиб кетди

Фото: EPA

Индонезиянинг Сулавеси ороли яқинида бортида 140 га яқин йўловчи бўлган паром чўкиб кетди. Оқибатида камида 11 йўловчи ҳалок бўлган, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги. 

Маълум қилинишича, 30 дан кўпроқ одам қутқариб олинган. Улардан 8 нафари шифохонага етказилган.

Воқеа жойида қутқарувчилар иш олиб бормоқда. Таъкидланишича, паром соҳилдан 200 метр нарида чўкиб кетган. Қутқарув амалиёти ёмон об-ҳаво шароити туфайли қийин кечмоқда. Баъзи йўловчиларнинг эгнида қутқарув жилетлари бўлган. 

“Биз амалиётни полиция, армия, қутқарув-қидирув агентликлари ва маҳаллий аҳоли ёрдамида олиб бормоқдамиз”, деб айтган ҳукумат вакилларидан бири. 

Паром нафақат йўловчиларни, балки автомобиллар ва юк машиналарни олиб кетаётган бўлган. У одамларни Сулавесидан Селаяр ороли томон ўтказиши керак бўлган. Паром кучли шамол ва баланд тўлқин кўтарилиши оқибатида чўкиб кетган.

Индонезияда шунга ўхшаш воқеа 17 июнда Суматра ороли яқинида юз берганди. Бортида 200 га яқин йўловчи бўлган паром чўкиши оқибатида 180 га яқин одам ҳалок бўлган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид