Ўзбекистон | 21:47 / 04.07.2018
7795
3 дақиқада ўқилади

Оғир вазиятда қолган хотин-қизлар учун Аёллар ижтимоий мослашув марказлари иш бошлади

Фото: Халқаро Пресс-клуб

Ўзбекистонда оғир вазиятда қолган хотин-қизлар учун Аёллар ижтимоий мослашув марказлари иш бошлади. Бугунга келиб, Наманган, Хоразм, Сирдарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида бундай марказлар фаолияти йўлга қўйилган. KUN.UZ мухбири Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматованинг Халқаро Пресс-клубнинг ФҲДЁ органлари фаолиятига бағишланган сессияси доирасида берган интервьюсига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

"Дастлаб Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида Аёллар ижтимоий мослашув маркази иш бошлади. Бу ерга аёллар умид билан келгани боис марказни "Умид" дея номладик. Барчанинг ҳаёти бир хил кечавермайди. Ҳар бир оилада ўзига хос муаммолар бор. Аксарият муаммолар ажрим масалаларига бориб тақалади. Муаммонинг туб моҳиятига етиш учун уни таҳлил қилдик ва унинг ечимини топиш мақсадида марказларни ташкил қилиб, мониторинг қилиб ўрганганимизда бу жуда ҳам яхши натижа берди - кўплаб оилалар тикланди, яраштирилди", - дейди Мукаррам Норматова. 

Унинг сўзларига кўра, Марказда 6 та хона - болалар хонаси, ошхона, ювиниш хонаси, ётоқхона бор. Шунингдек, аёлларга тиббий кўмак берувчи муолажа хоналари бор. Марказда бу аёлларга моддий томондан ҳам ёрдам кўрсатилади. Аёллар ўз муаммосини ҳал қилгунича шу марказда яшаши мумкин, уларга ҳар томонлама эътибор кўрсатилади. 

"Ҳозирча бундай марказлар Наманган вилояти билан бир қаторда Хоразм вилояти, Сирдарё, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларида хизмат кўрсатмоқда. Келгусида ажрим кўрсаткичлари юқори бўлган ҳудудлардан бошлаб барча вилоятларда ана шундай Аёллар ижтимоий мослашув марказлари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.  Бу марказларда психолог, қишлоқ врачлик пунктлари, аёллар маслаҳатчилари жалб қилинган. Улар туну кун ишлайди", - дейди Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари. 

Мутахассиснинг KUN.UZ'га маълум қилишича, тез орада Республика миқёсида Ягона рақам ташкил қилиниши кутилмоқда - битта рақамга (1146) мурожаат қилинади ва аёллар ўша ерда ҳудудларга қараб тақсимланади. Ҳозирча ҳар бир ҳудуднинг Аёллар ижтимоий мослашув марказлари ўз рақамига эга. Бу нафақат ажримларнинг олдини олади, балки турли нохуш ҳолатларнинг олдини олишга ҳам ёрдам беради. 

"Баъзи аёллар ҳаётнинг маълум бир босқичида психологик жиҳатдан оғир вазиятда қолади, шундай пайтда улар ўзини давлат ҳимоясида эканлигини ҳис қилиши керак. Тизим йўлга қўйилди, механизмлари ишлаб чиқилди ва айни дамда бу ишлаяпти. Ҳар бир аёл қандай муаммоли вазиятда қолганига қарамай, бу марказларга қабул қилинади. Қамоқхонадан чиққан аёллар, балоғатга етган ўтиш ёшидаги қизлар ҳам шулар жумласидандир. Бу марказлардаги хотин-қизларга мутахассислар керакли ёрдамни беришади", - дейди Мукаррам Нурматова.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид