Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Фермер хўжаликларида ҳисоб тизимини тубдан яхшилаш ва уларга банк хизматлари кўрсатишни такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди.
Ҳужжат президентнинг 2018 йил 28 февралдаги ПҚ-3574 сонли «Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида»ги қароридан келиб чиқиб ва фермер хўжаликларида ҳисоб тизимини тубдан яхшилаш, уларга банк хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.
Унга кўра, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳузурида Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари ташкил этиш таклифи маъқулланган.
Марказлар юридик шахс сифатида ташкил этилади, банкдаги ҳисоб рақамларига, шахсий ғазна ҳисоб рақамларига, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга бўлади.
Марказлар томонидан фермер хўжаликларига қуйидаги асосий хизматлар кўрсатилади:
- фермер хўжаликлари бўйича бухгалтерия ҳисоби юритиш;
- фермер хўжаликлари ишчиларига иш ҳақи ва ундан мажбурий ажратмалар ажратиш;
- мавсум якуни бўйича фермер хўжаликларининг асосий воситалари, товар-моддий захиралари, пул маблағлари, дебиторлик ва кредиторлик қарзлари инвертизациядан ўтказиш;
- солиқлар бўйича ҳисоб-китоблар, солиқ органлари билан қарздорлик бўйича солиштирма далолатномаларини тузиш ҳамда солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида тўланишини ташкил этиш;
- молиявий ва статистика ҳисоботларини тузиш ва уларнинг тегишли органларга тақдим этилишини ташкил этиш;
-фермер хўжалигининг йил якунига кўра даромадлари ва харажатларини таҳлил қилиш ва кейинги йилга бизнес режа тузишда амалий ёрдам бериш.
Марказларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, фермер хўжаликлари томонидан тўланадиган аъзолик бадаллари ва пуллик хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар ҳисобига молиялаштирилади.
Бунда, иш ҳақи ва унга тенглаштириладиган харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Ҳар ой якуни бўйича ходимларга, иш кўрсаткичлари бажарилишига қараб, ойлик иш ҳақининг икки бараваригача миқдордаги мукофотлар ва бошқа харажатлар фермер хўжаликлари томонидан тўланадиган аъзолик бадаллари ва бошқа даромадлар ҳисобидан молиялаштирилади.
Кенгашга пахта хом ашёси ва бошоқли дондан бошқа маҳсулот етиштирувчи ҳамда аъзолик бадалини ўз вақтида тўлаб келаётган, ер, сув ва бошқа ресурслардан унумли фойдаланаётган ҳамда молиявий имконияти чекланган фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш издан чиққан айрим хўжаликларда ҳисоботини юритишни маълум муддатга бепул амалга ошириш тўғрисида тавсия киритиш ваколатини бериш ҳақидаги таклифлари маъқулланган.
Ўзбекистон республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Кенгаш билан биргаликда фермер хўжаликларига бириктирилган ер майдонларини хўжаликларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, экин турлари ва контурлари кесимида икки ой муддатда хатловдан ўтказиб, фермер хўжаликларининг ер майдонлари бўйича ягона электрон маълумотлар базасини шакллантиради.
Мавзуга оид
08:53 / 19.05.2026
Ўзбекистонликлар Италия фермер хўжаликларида ишлаши мумкин бўлади
09:33 / 24.02.2026
Жиззахда ҳокимлик ходими ер майдонини сотиш ваъдаси билан пул олган вақтида ушланди
13:45 / 02.10.2019
Ҳукуматдан ғаллага харид нархи белгилаш амалиётини бекор қилиш сўралди
22:20 / 27.11.2018