Жаҳон | 12:19 / 05.07.2018
23138
2 дақиқада ўқилади

Изсиз ғойиб бўлган индонезиялик аёл бир ярим йилдан сўнг пайдо бўлди

Фото: JP-News.id

Индонезияда бундан бир ярим йил аввал денгизда йўқолиб қолган аёл топилди. У тирик ҳолда бўлиб, эгнида уни охирги марта кўришган либос бўлган. Бу ҳақда Dudung Pret нашри хабар берди.

2017 йил бошида 52 ёшли Нининг Сунарсих Ява оролидаги Сукабуми шаҳрида ҳордиқ чиқараётган бўлган. Гувоҳларнинг таъкидлашларича, улкан тўлқин уни пляждан денгизга тортиб кетган. Аёл қичқириб ёрдам сўраган, лекин кучли тўфон туфайли ҳеч ким сувга тушиб унга ёрдам беришга ботинмаган. Қутқарувчилар Сунарсихни узоқ қидириб топа олишмаган.

Бир ҳафтадан сўнг Сукабуми ҳудудида номаълум шахс жасади топилган, лекин экспертизада жасад йўқолган аёлга тегишли эмаслиги аниқланган. Орадан бир неча ҳафта ўтгач аёлни қидириш операцияси тўхтатилган ва Сунарсих ҳалок бўлган деб эълон қилинган.

Аёлнинг оиласидагилари унинг ўлганини тан олишни истамаган. Шу йилнинг июнь ойида аёлнинг тоғаси тушида Сунарсих яқинларини ўзи йўқолиб қолган пляжда кутаётганини кўради. Бу туш бир неча марта такрорлангач, у туши ҳақида оила аъзоларига айтади ва 30 июнь куни улар пляжга отланишади. Аммо қидирув ҳеч қандай самара бермайди. 

Эртаси куни улар яна пляжга келишди ва беҳуш ҳолда ётган Сунарсихни топишди. У ўша йўқолган кунидаги либосда эди.

Улар аёлни касалхонага олиб келишди. Шифокорлар аёлнинг аҳволи оғирлигини, лекин тез орада оёққа туришини айтишди.

Сукабуми шаҳри қутқарув хизмати бошлиғи Аулия Солиханто CNN Indonesia порталига мазкур воқеанинг ҳақиқатан юз берганини тасдиқлади. Ҳозирда мазкур ҳодиса ўрганилмоқда, лекин аниқ тафсилотлар аёл ўзига келиб гапира бошлаганида маълум бўлади.

Мавзуга оид