Ҳаёт-мамот жанги: Бразилия ғалаба учун келган
Ҳозирги Бразилия терма жамоаси дунёнинг энг кучли терма жамоаларидан бирига айланди. Тите шогирдлари жаҳон чемпионатининг асосий фаворитларидан бири ҳисобланади.
Жаҳон чемпионати. 1/4 финал. 6 июль.
БРАЗИЛИЯ – БЕЛЬГИЯ. 23.00 (Тошкент)
Қозон. «Казань Арена» стадиони. 23.00 (Россия 1).
Ҳакамлар: МАЖИЧ. Ристич, Журжевич (барчаси – Сербия).
Дисквалификациялар: Каземиро – йўқ.
Неймарга тобе бўлмаган жамоа
Бразилияликлар қандай турнирда қатнашмасин ва таркибда қандай футболчилар бўлмасин ҳамиша мухлислар улардан ғалаба талаб қилишади. Шунинг учун ҳам бу жамоа «пентакампеонлар»дир - бу кўп нарсани англатади.
4 йил муқаддам ҳам Бразилиядан ўз уйида ўтган жаҳон чемпионатида кўп нарса кутишганди. Бу терма жамоада ҳам маҳоратли футболчилар жамланганди, аммо уларда ўзга бўлган ишонч юқори эмасди, улар ўша чемпионатда футбол тожига энг муносиб терма жамоа эмасдилар. Уларга икки омил тўсиқ бўларди. Биринчиси - терма жамоанинг ўйини юлдуз футболчи Неймарнинг кайфиятига ёки унинг жисмоний ҳолатига боғлиқ бўларди. Иккинчиси - Луис Фелипе Сколарининг савияси терма жамоага муносиб эмасди. Бир вақтлар ер юзидаги энг кучли мутахассис саналган Сколари охирги 5-7 йилда бу мақомдан маҳрум бўлди. У дарвозага кексайган Жулио Сезарни, ҳимояга ундан ҳам ёши каттароқ Майконни ва ҳужумга ҳеч қачон ёрқин ўйин кўрсатмаган Фредни қўйганди...
ЖЧ-2014 ярим финалида Германиядан 1:7 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин у ҳам, бу шармандаликка алоқадор бир неча футболчи ҳам терма жамоадан кетди. Бразилияга яна Дунга қайтарилди - аммо у билан янада ёмонроқ натижалар қайд этила бошланди, 2016 йилги Америка Кубогида бразиллар гуруҳ босқичидан чиқа олишмади ва барчасига нуқта қўйилди. Фақат 2016 йилнинг июнида бразилиялик футбол амалдорлари Титени терма жамоага чақиришди, ҳолбуки бу номни мухлислар бир неча йилдан буён терма жамоа раҳбарлигида кутишаётганди.
Тактика ва психология устаси
Титени Европада яхши билишмасди. У футболчилик фаолиятида муваффақият қозона олмаган ва мамлакатдан чиқмасдан 28 ёшидаёқ футболчилик фаолиятини якунлаган. Тиззасидан бир неча марта жароҳат олгач, бутсаларини михга илишга мажбур бўлган. Аммо у футболдан кетмади ва дарҳол мураббийлик фаолиятини бошлади.
У Бразилиянинг жами 11 клубида ишлаган (жумладан, «Гремио», «Палмейрас», «Коринтиансе», «Атлетико Минейро», «Интернасионале»), у ички чемпионатда ҳам ғалабаларга эришган, Либертадорес кубогида ҳам, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам. Нолинчи йиллар охирида Тите БААга бориб яхшигина пул ишлаб ҳам келган. У Арабистон ярим оролидаги ҳаётдан тезда зериккач, яна Америкага қайтади.
2013 йилда Тите мураббийлик фаолиятида танаффус қилади ва кўп вақтини ўрганишга сарфлайди. У «Реал»га, Карло Анчелотти олдига стаж ўташга келади, у билан узун тунлар давомида тактика ҳамда психология ҳақида суҳбатлашади. Бу сафар унинг кейинги фаолиятига жиддий таъсир кўрсатди. У янги иш услублари ўрганиш учун «Бока Хуниорс»га, Карлос Бьянки олдига ҳам боради.
Шундан сўнг мураббийликка қайтган Тите ўз ўрганганларини «Коринтиансе»га сингдира бошлайди ва бу жамоа мамлакатнинг энг томошабоп футбол кўрсатадиган жамоасига айланади. Ҳозирда у уддабурон тактик, у бир ўйиннинг ўзида жамоа ўйинини бир неча бор ўзгартира олади. Айтишларича, ушбу мураббийнинг уйида 2006 йилдан кейинги барча йирик ўйинларнинг таҳлиллари сақланмоқда. Бундай ўйинлар эса юзларча ва бу рўйхат доимий равишда тўлдириб борилади.
Титенинг руҳшунослик қобилияти ҳам беназирдир. Унинг жамоасида зиддиятлар йўқ, у ҳамиша терма жамоада дўстона муҳитни сақлаб қолмоқда. У ҳамиша матбуотда ўз футболчиларини алқайди ва қўллаб-қувватлайди. Масалан, у матбуот анжуманларидан бирида Неймарни «ПСЖ»га ўтгани учун танқид қилмасликни сўраган, унинг ёнида ўтирган футболчи эса йиғидан ўзини тўхтата олмаганди.
Паулиньо - яширин бомбардир
Бразилия терма жамоаси учун энг мос схема - 4-1-4-1 бўлмоқда, унда 3 марказий ярим ҳимоячидан бири (Каземиро) орқароқда ҳаракатланади ва бошқаларни ёпиш билан шуғулланади, яна икки ярим ҳимоячи эса (Паулиньо ва Коутиньо) - кўпроқ ҳужумкор ўйин кўрсатиб, ҳужумчиларга ёрдам беради.
Тите жамоасида Неймар чап қанотдан ўрин олган, «ПСЖ»дагидек ҳужум марказида эмас. У қанотдан марказ томон чопиб, ўнг оёғи билан зарбалар беришга ҳаракат қилади. Умуман, Тите футболчиларининг барча имкониятларидан унумли фойдаланишга уринади.
Габриел Жезус эса «Манчестер Сити»даги каби марказий ҳужумчи вазифасини бажаради, аммо унинг функциялари кўпроқ «сохта тўққизлик»ни эслатади. У рақиб ҳимоячиларини ўзи билан андармон қилади, бунинг эвазига орқароқда очилган бўш зонадан ярим ҳимоячилардан бири фойдаланиши керак бўлади. Бу ўринда рақиб учун энг кутилмаган вариант - Паулиньонинг очилиши бўлади. У бу жамоанинг ҳақиқий «сирли тойчоғи»дир. Саралаш босқичида Паулиньо 6 гол урган, унинг гуруҳ босқичида серблар дарвозасига йўллаган голи ҳам бразилларнинг бу ўйин фалсафаси амалда қандай ишлаётганига намунадир.
Коутиньонинг узоқдан зарбалари
Неймар шубҳасиз Бразилия учун муҳим футболчи, у жамоанинг энг машҳур футболчиси, асосий юлдузи. Аммо ҳозир Бразилия усиз ҳам ўйнайвериши мумкин. Охирги йил давомида жамоада унинг ўрнини Коутиньо боса олмоқда, унинг узоқдан берган зарбалари кўп ўйинларда жамоа учун муҳим очколарни келтирди.
«Барселона» футболчиси Неймар билан бир қанотга жойлашади, у Неймардан сал орқароқда ҳаракатланиб, марказга ўтиб туриши ҳам мумкин. Коутиньо ҳар бир ўйинда ўртача 3,12 марта зарба бермоқда ва унинг зарбалари аниқлиги 47 фоизни ташкил қилмоқда.
Мухлислар фақат ғалаба кутмоқда
Мухлислар Бразилиянинг янги ғалабаларидан завққа тўлишда давом этади. Ҳозирча бу жамоанинг охирги йирик ғалабаси Рио-де-Жанейрода ўтказилган 2016 йилги Олимпиада ўйинларидаги чемпионлик бўлиб турибди.
Мавзуга оид
17:08 / 02.11.2024
Бразилияда катталиги чумолидай келадиган қурбақа топилди
09:30 / 21.10.2024
Бразилия президенти BRICS саммитига парвозини бекор қилди
14:10 / 09.10.2024
Суд X ижтимоий тармоғига Бразилияда ишини давом эттиришга рухсат берди
13:19 / 07.10.2024