Жаҳон | 20:08 / 06.07.2018
13704
3 дақиқада ўқилади

Покистоннинг собиқ бош вазири сиртдан 10 йилга озодликдан маҳрум этилди

Фото: Reuters/Dinuka Liyanawatte /Scanpix / LETA

Покистон суди мамлакатнинг собиқ бош вазири Навоз Шарифни коррупция айблови билан сиртдан 10 йилга озодликдан маҳрум этди. Сиёсатчига қарши тергов “Панама архиви” чоп этилгандан кейин бошланган. Ушбу иш бўйича ўтган Шарифнинг қизи ва куёви мос равишда 7 йиллик ва бир йиллик қамоқ жазоси олган.

2016 йил апрелда “Панама ҳужжатлари” орасида Шарифнинг фарзандлари Британия Виргиния оролларида рўйхатдан ўтган ва Лондонда кўчмас мулкни бошқарган бир нечта офшор компаниясига яширин равишда эгалик қилгани ҳақида маълумот бўлган. Шарифнинг ўзи эса барча активлар қонуний йўл билан харид қилинганини таъкидлаган.

Мухолиф партиялар бу кўчмас мулк коррупцион пулларга харид қилинганини гумон қилиб, Шарифнинг истеъфосини ва унга қарши жиноий иш қўзғатилишини талаб қилишган. Олий суд бош вазирни истеъфога чиқариш учун асослар етарли эмаслигига қарор қилган, бироқ махсус комиссияга ушбу ҳолат юзасидан тергов олиб боришни топширган.

Шарифнинг ўзи парламентга чақиртирилган ва кейинчалик аниқланишича ёлғон кўрсатмалар берган. Олий суд 2017 йил июлда шу асосда Шарифни лавозимидан четлатган ҳамда унга ва оиласига қарши тергов бошлашга рухсат берган. 

2017 йил октябрда Шарифга олий судга ёлғон маълумотлар тақдим қилиш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш айбловлари қўйилган.

Суд қарорига кўра, Шариф коррупция учун 10 йиллик ва тергов билан ҳамкорлик қилишдан бош тортгани учун яна бир йиллик қамоқ жазоси олган. Ҳозирда Шариф ва унинг қизи рафиқаси даволанаётган Лондонда қолмоқда. Шариф ҳукм чиқарилишидан бир неча кун аввал “қандайдир диктатор эмаслиги ва судлардан қочиб юриш нияти йўқлигини” айтиб, ҳар қандай вазиятда Покистонга қайтишини ва ҳукмни шахсан эшитиш учун суд йиғилишининг кейинга қолдирилишини сўраган. Бироқ Шариф тасдиқланмаган маълумотларга кўра Буюк Британиядан сиёсий бошпана олган.

Шариф Покистон бош вазири лавозимини 3 марта эгаллаган (1990-1993, 1997-1999 йилларда ва 2013 йилдан то лавозимидан четлангунгача). У Покистондаги энг машҳур сиёсатчилардан бири ҳисобланади. Унга ҳукм чиқарилган кун Исломободда ҳукмга қарши оммавий намойишлар юз бериши мумкинлиги сабабли ҳамкорлик чоралари кучайтирилган. Шарифдан кейин Покистон вазирлар маҳкамасига унинг укаси Шоҳбоз Шариф бошчилик қилган.

Мавзуга оид