Одил судлов ҳақида гап кетар экан, кўз ўнгимизда барчадан мустақил, фақат қонун доирасида иш кўрувчи, барча далилларни синчиклаб ўрганиб чиқиб одилона қарор чиқарувчи судьялар гавдаланади.

Бироқ минг афсуски амалиётда доим ҳам бундай одил судьяларни топа олмайсиз. Гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, қўл учида ишни кўриши, яққол далиллардан кўз юмиши, тергов органлари айтган гапга чиппа-чин ишониб, ҳатто қонунни ҳам четлаб ўтувчи ҳолатлар ҳам мавжудлиги дилимизни хира қилади. Биз қуйида баён қиладиган Самарқанд вилоятида бўлган суд мажлислари гапимизнинг яққол исботи бўлиши мумкин.

Мақоламиз қаҳрамони ҳақида

Муштарийларда тасаввур ҳосил бўлиши учун суд ҳукми билан айбдор дея топилган мақоламиз қаҳрамони ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз.

Қаҳрамонимиз Умаров Шухрат Халикулович Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида жойлашган “Жума элеватори” акциядорлик жамияти раиси сифатида 2017 йилнинг 14 мартидан 2017 йилнинг 18 июлигача меҳнат фаолиятини амалга оширган. У раҳбарлик қилган даврида корхона фаолиятида бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилган, хусусан:

- “Жума элеватори” акциядорлик жамияти томонидан қўшни Афғонистон давлатига 4000 тонна буғдой экспорт қилинган, натижада корхона ҳисоб-рақамига хориждан 760.000 АҚШ доллари келиб тушган;

- Туркия давлати билан жамият ўртасида 120 тонналик янги тегирмон қуришга шартнома имзоланган;

- корхонанинг мавжуд тегирмон цехи таъмирланиб, ишлаб чиқариш қуввати 82-85 фоизгача кўтарилган, омихта ем сифати яхшиланган, ишлаб чиқариш ҳажми икки баробар ошган;

- собиқ раҳбарият даврида корхонада ходимларнинг иш ҳақидан, бюджет ва бюджетдан ташқари тўловлардан боқиманда қарздорликлар ҳамда мол етказиб берувчи ташкилотлардан вужудга келган 3,5 млрд сўмлик кредитор қарздорликнинг қарийб ярми ёпилган;

- бир неча йиллардан буён иш ҳақиларни ўз вақтида олаолмасдан, ойлик иш ҳақи ўрнига қисман натура ҳолида нон ва омихта ем маҳсулотлари олиб келаётган, охирги 6 ойдан буён ойлик иш ҳақи олмаган ишчилар ойлик иш ҳақини ўз вақтида ва тўлиқ олишни бошлаган;

- корхона ишчи-хизматчиларига қулай шароитлар яратиш мақсадида бир неча йиллардан буён корхона ҳудудида кўринмай қолган “Отойўл” автобуслари олиб келиниб таъмирланган, корхонанинг ҳудуди ободонлаштирилиб, жамият ходимлари учун “Ишчилар ошхонаси” қуриш, маъмурий бинони таъмирлаш ишлари бошланган эди.