ИИВ Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳузурида Жамоатчилик кенгаши тузилди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги Низоми ишлаб чиқилиб, Ички ишлар вазири томонидан тасдиқланди. Бу ҳақда вазирлик Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар бермоқда.
Низом мазкур кенгашнинг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилаб беради.
Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, Ички ишлар вазирининг буйруқ ва фармойишларига, шунингдек, ушбу низомга амал қилган ҳолда олиб боради.
Жамоат кенгашининг асосий вазифалари ҳақида қисқача тўхталадиган бўлсак, кенгаш йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ва ушбу соҳада хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини тизимли равишда ўрганади. Шу билан бирга, 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясининг ва у асосида қабул қилинадиган Йўл хариталарида назарда тутилган тадбирларни амалга оширилиши ва натижаларини мониторинг қилиш ҳамда бошқа бир қатор масалалар асосий вазифа этиб белгиланди.
Жамоатчилик кенгаши фаолиятининг асосий масалалари қоида тариқасида унинг ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказиладиган мажлисларида кўриб чиқилади. Зарур ҳолларда эса Жамоатчилик кенгашининг навбатдан ташқари мажлислари ҳам ўтказилиши мумкин.
Ушбу Жамоатчилик кенгаши Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғига асосан қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.
Жамоатчилик кенгаши таркибига унинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзолари киради. Юқорида айтиб ўтилганидек, мазкур кенгаш ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб боради. Айни вақтда унга Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси сиёсий шарҳловчиси Қобилбек Каримбеков раис этиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Фахрийлар кенгаши аъзоси, истеъфодаги полковник Ғайратжон Болтабаев эса унинг ўринбосари этиб тайинланди.
Қабул қилинган мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, 9 июль куни «Давлат органлари қошида Жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент қарори қабул қилинган эди.
Мавзуга оид
16:11 / 17.11.2024
Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилди
17:34 / 04.09.2024
Ўндан ортиқ давлатнинг полиция олий ўқув юртлари раҳбарлари Тошкентда йиғилди – фото
11:40 / 23.08.2024
Жиззахда соқол қўйган 22 ёшли фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди
13:30 / 20.08.2024