Ўзбекистон | 13:07 / 09.07.2018
7220
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида савдо ҳажми қарийб икки баробарга ошиши кутилмоқда

Фото: mft.uz

Аввал хабар қилганимиздек, айни пайтда  Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Афғонистонда амалий ташриф билан бўлиб турибди. Ташриф доирасида Ўзбекистон ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Афғонистон савдо-саноат вазири Х.Расо, Темирйўллар бошқармаси бошлиғи Я.Шамс, давлат харидлари бўйича миллий комиссия раиси И.Хотакий, транспорт вазири ўринбосари М.Султоний ва Афғонистон савдо-саноат палатаси раҳбари А.Нусрат билан учрашувди. Бу ҳақда Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Савдо-иқтисодий масалалар муҳокамаси давомида Ўзбекистон томони ўзаро савдо-сотиқни ривожлантириш, товарларни чегарадан олиб ўтиш учун қулай шароитлар яратиш, икки томонлама бож ва тарифлар миқдорини камайтириш бўйича таклиф лойиҳаларини тақдим этди.

Музокаралар чоғида ҳар икки томон ҳам ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишдан манфаатдор экани қайд этилди. Шу йилнинг июнь ойида Термиз шаҳрида икки давлат ҳукумат идоралари ва хусусий сектор вакиллари иштирокида ўтган мулоқотларнинг биринчи раунди ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга катта туртки бергани таъкидланди.

«Сўнгги вақтларда ўзаро савдода ижобий ўсиш кузатилаётганидан мамнунмиз, - деди ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев. – Ўтган йил якунларига кўра, икки томонлама товар айирбошлаш 19 фоизга ўсиб, 617,1 миллион долларни, шу йилнинг 5 ойи давомида эса 15 фоизга ўсиб, 286,7 миллион долларни ташкил этди. Бугунги кунда Ўзбекистонда афғон капитали иштирокидаги 110та корхона фаолият юритмоқда. Шунингдек, Афғонистонда ҳам Ўзбекистон фуқаролари ҳиссаси билан 8та корхона ишлаб турибди. Ҳамкорликни кенгайтириш учун улкан имкониятларга эгамиз. Қўшни давлатлар эканимиз ва ривожланган транспорт инфратузилмаси борлигидан келиб чиқиб, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини яқин вақт ичида 1 миллиард долларга етказиш имконимиз бор».

Ўзбекистон делегациясининг Афғонистон Ислом Республикасига ташрифининг биринчи куни якунлари бўйича томонлар савдо, транспорт ва инфраструктура лойиҳалари бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишди. Шу билан бирга, муҳим масалалар муҳокамаси учун икки томоннинг тегишли вазирлик ва идоралари вакилларидан иборат комиссия тузишнинг зарурлиги қайд этилди.

Фото: mft.uz

Ўзбекистон делегациясининг қўшни давлатга ташрифи бугун якунига етади.

Мавзуга оид