Спорт | 23:00 / 10.07.2018
77170
9 дақиқада ўқилади

Ғор ичида адашув: Ёш футболчиларни ўлимдан қандай қутқаришди?

11 ёшдан 16 ёшгача бўлган 12 нафар бола ва уларнинг мураббийи 23 июнда Таиланднинг энг шимолий нуқтасида жойлашган Тхам Луанг ғорига отланганди. «Ўрмон тўнғизлари» ўсмирлар футбол жамоаси аъзолари ғор ичига сайр қилиш учун кириб кетиб, кучли ёмғирлар оқибатида ғордан чиқиш йўллари сув остида қолгани сабабли у ерда қолиб кетишди.

Ғорга йўл олишдан олдин олинган сурат
Фото: AP

13 киши бедарак кетгач Таиланд армияси уларни қидириш учун сафарбар қилинди. Кўп ўтмай уларга Буюк Британия, АҚШ ва Хитойдан келган кўнгиллилар қўшилди, болаларни минглаб қутқарувчилар қидирди. Тез орада ғорга кириш жойида 11та велосипед ва мураббийга тегишли мотоциклни топишди.

9 кун ўтиб британиялик дайверлар (чуқурликдаги ғорларга тушиш билан шуғулланадиган мутахассис) Жон Волантен ва Ричард Стэнто ғор ичкарисида мураббий ва болалар жон сақлаётган нуқтага етиб боришди. Уларга кислород ва озиқ-овқат етказиб бера бошлашди, Таиланд ҳукумати эса ўсмирларни қандай чиқариб олиш ҳақида ўйлай бошлади.

Ғорга кириш
Фото: Sakchai Lalit / AP

Амалиёт 10 июль куни якунланди, ғордан шу куни охирги болакай ва 25 ёшли мураббий олиб чиқилди. Лекин бу вақт давомида қутқарувчилардан бири ҳалок бўлди, болаларнинг ҳаёти ҳам бир неча бор хавф остида қолди.

Ўсмирлар ғорда 4 ой қолиб кетиши ҳам мумкин эди

Ғор ичида топилган болалар
Фото: Tham Luang / AP

Гуруҳ жойи аниқланганида қутқарувчиларни уларни олиб чиқиш мураккабликлари ўйлантириб қўйганди. Бу чиндан осон эмасди: 9 кун давомида ғор ичида озиқ-овқатсиз ва ичимлик сувисиз қолиб кетган болаларнинг аксари суза олмас ва дармонсиз эди.

Бу ҳолда уларни олиб чиқиш уларнинг ҳаётига хавф туғдирарди. Чунки, ғор йўлакларини сув тўлдирган, 4 километрлик масофани тажрибали ғаввослар ҳам базўр босиб ўтарди. Болалар умумий узунлиги 7 километрлик ғорнинг ўртасидаги ҳаво бор бўлмасида жон сақлаб қолишганди.

Фото: Твиттер
Фото: Твиттер

Ҳатто тажрибали ғаввос ҳам бу масофани босиб ўтиши учун 6 соат вақт талаб этиларди, бу йўлда ҳар кимга ўлим таҳдид соларди, шундай ҳам бўлди, ғаввослардан бири болаларга ҳаво етказиб бериб ортга қайтаётганида ўзига ҳаво етмасдан ҳалок бўлди.

Фото: Ғаввос Саман Кунан

Қолаверса, ғор бир текис эмасди, бу эса сузишни максимал даражада қийинлаштирарди. Халқаро экспертлар болаларни дайвинг усулида олиб чиқиш вариантига охирги чора сифатида қарашмоқда эди.

«Инсон кўриш даражаси минимум бўлган шароитда ваҳимага тушади ва ёки ўзини ёки қутқарувчини ҳалок қилади», деганди ғорларда сув остида қолган кишиларни қутқариш ва эвакуация қилиш бўйича халқаро ташкилотнинг ҳудудий координатори Эдд Сорренсон.

Бундай амалиётнинг хавфлилик даражаси юқорилиги туфайли Таиланд ҳукумати болаларни кислород ва озиқ-овқат билан таъминлаб туриб, 4 ой давомида ғорда қолдириш ҳамда ёмғирлар мавсуми тугаб, ғордаги сувлар йўқолишини кутиш вариантини ҳам кўриб чиққанди. Шунингдек, насослар ёрдамида ғор ичидаги сувни камайтиришга уриниб кўришди, бу чора муаммони ҳал қилмасди, лекин қутқарувчилар ўқувчилар жойлашган ҳудудга осон етиб боришини таъминларди.

Тез орада Таиланд ҳукумати болаларни ғор ичкарисида қолдириш - энг ёмон сценарий бўлишини англаб етишди. Биринчидан, 4 ой давомида болаларга озиқ-овқат ва кислород етказиб бериш жараёни қутқарувчиларнинг ҳаёти ҳар куни хавф остида бўлишини тақозо этарди. Қолаверса, ғор ичида бирданига ҳаво қолмаслиги ёки уни бутунлай сув тўлдириши ҳам мумкин эди. Шундан кейин ҳукумат эвакуациянинг бошқа йўлларини қидира бошлади.

Ота-оналарга мактуб

Фото: Linh Pham / Getty Images

6 июль куни ўқувчилар ва уларнинг 25 ёшли мураббийи ғаввос орқали ўз яқинларига хат ёзишди.

Хат ҳар-хил дафтарлардан юлиб олинган 6 та қоғозга ёзилганди. Болалар хатни 6 июль, жума куни уларга ота-оналаридан хабар келтирган ҳарбий хизматчи орқали бериб юборишди. 

«Бизда ҳаммаси жойида, ҳамма соғ-саломат, хавотир олманг. Бу ердан чиққанимизда ҳар хил мазали овқатлар ейишни истаган бўлардик. Азиз ўқитувчилар, илтимос, ҳозирча бизга уй вазифалари бермай туринг», — дея болалар хатнинг биринчи бетида ёзган. Уларнинг ҳар бири ўзининг аҳволи ҳақида бир неча сатрлик ёзувлар қолдирган.

«Бизни руҳан қўллаб-қувватлаб турганингиз учун раҳмат. Барча ота-оналардан мени кечиришларини илтимос қиламан. Шунингдек, сиздан рухсатсиз ғорга борган болаларингизни ҳам кечиришни сўрайман», — деб ёзган мураббий.

Илон Маскдан таклиф

4 июль куни SpaceX ва Tesla компаниялари раҳбари, тадбиркор Илон Маскдан Таиланддаги ғорда қамалиб қолган ўсмирларга ёрдам беришни сўрашди. У бир неча вариантларни, жумладан ғор ёнидан туннеллар кавлашни таклиф қилди ва Таиландга The Boring Company ва SpaceX компаниялари муҳандисларини жўнатди. 

«Балки уриниб кўриш керакдир: ғорлар тизими орқали бир метр диаметрли нейлон қувур (ёки мураккаб қисмларда янада торроқ қувурчалар) ўтказиш ва уларни ҳаво билан тўлдириш керак. Сув остида ғор шифти остида ҳаво туннелини яратиш ва уни ностандарт ҳудудларга автоматик мослаштириш керак, худди 70 сантиметр кенгликдаги тешик каби», — деди Маск.

8 июль куни эса SpaceX муҳандислари Falcon 9 ракетасига жойлаштирилиши керак бўлган катта кумуш найчадан фойдаланиб, кичик ўлчамли «сувости қайиғи»ни қуришди.  Илон Маск қурилмани иккита ғаввос кўтара оладиган оғирликдаги мустаҳкам ва кичик туйнукларга ҳам кира олишини тушунтириб берди. Шунингдек, унда кислородли портлар ва бурун конуслари мавжуд эди. 

У кейинги куни Лос-Анжелесдаги ҳовузда кичик сув ости қайиғини синовдан ўтказди. Унинг ичига бир бола кириши ва уни икки ёндан икки ғаввос тутиб сузиши керак эди. Лекин ёш болаларни бу капсула ичига киришга кўндириш иложсиз иш эди. 

10 июль куни Маск Таиландга учиб келди ва ғорга кирди. У болалар жамоаси шарафига «Ўрмон тўнғизлари» деб номланган сув ости қайиғини олиб келганди. Аммо Таиланд ҳукумати болаларни қутқаришда бу қурилмадан фойдаланишни истамади.

Об-ҳаво ёмонлашиши охирги чорани қўллашга мажбур қилди

Фото: Reuters

Илон Маск ўз режасини маълум қилганидан бир неча соат ўтиб, қутқарувчилар унинг ёрдамисиз ҳаракатга киришди. Чунки, яна ёмғир ёға бошлаган ва ғор сувга тўлиш хавфи остида қолганди.

Ғор оғзида лагер қуриб яшаётган ота-оналар розилиги олингач, қутқарувчилар ғор ичига йўл олишди. Биринчи куни 4 бола олиб чиқилди. Дастлаб нисбатан кучлироқ болалар танланди. Кейинги куни яна 4 бола қутқарилди. Амалиётнинг охирги куни, яъни бугун эса қолган 5 киши ташқарига олиб чиқилди.

Маскнинг режаси ҳукумат билан келишилганди, аммо ғаввослар вақт кам қолгани туфайли мустақил ҳаракат қилишди. Улар биргаликда сув ости қайиғидан фойдаланишни самарасиз деб топишганди.

Илон Маск ғаввосларнинг жасоратини эътироф этди ва уларнинг қаҳрамонона ҳаракатларидан ҳайратга тушганини билдирди. У ўз қурилмасидан бошқа мақсадларда фойдаланиши мумкинлигини қўшимча қилиб ўтди.

Болалар билан энди нима бўлади?

Фото: «Корреспондент.net»

Эвакуация қилинган болалар ва мураббий энг яқин шифохонага олиб борилган. Таиланд Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларнинг барчаси ҳозирда ўзини яхши ҳис қилаётганини маълум қилган. Уларнинг ҳеч бирида безгак аниқланмаган.

Шу билан бирга болаларнинг барчасида инфекция билан зарарланиш ҳолатлари аниқланди. Маълум қилинишича, болалардан олинган қон таҳлиллари инфекциянинг мавжудлигини тасдиқлаган. Бундан ташқари, 2 нафар бола рентген текширувидан ҳам ўтказилган. Рентген текшируви ҳам болаларда инфекция борлигини кўрсатган. Лаборатория таҳлиллари натижалари 2 кун ичида тайёр бўлади.

Болалар ҳозирча ота-оналари билан фақат ойна ортида туриб кўришишди. Яқин ҳафталар давомида улар жисмонан ва руҳан тикланиш жараёнини ўтайди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид