Жаҳон | 14:03 / 11.07.2018
3818
2 дақиқада ўқилади

Канада Латвиядаги ҳарбийлари сонини оширмоқчи

Фото: Reuters

Канада Латвиядаги НАТО батальони таркибидаги ҳарбийлари сонини 455 кишидан 540 кишигача оширмоқчи. Бу ҳақда Канада бош вазири Жастин Трюдо Ригада латвиялик ҳамкасби Марис Кучинскис билан учрашуви натижаларига бағишланган баёнотида маълум қилди.

"Канада Латвиянинг кучли ва ишончли иттифоқчиси бўлиб қолади", - деди у. Шу боис Оттава республикадаги ҳарбийлари сонини 455тадан 540 кишига етказади, деди бош вазир.
Трюдо шунингдек, Канада Латвиядаги НАТО батальони раҳбарлигини 2023 йил мартга қадар давом эттиришини билдирди. Канаданинг НАТО гуруҳига раҳбарлиги 2019 йил апрелда ниҳоясига етади.

Альянснинг 2016 йил июлдаги Варшава саммитида 2017 йилдан бошлаб Болтиқ мамлакатлари ва Польшада тўртта кўп миллатли батальон жойлаштирилиши ҳақида қарор қабул қилинганди. Латвия батальонига Канада, Литваникига Германия, Эстонияникига Буюк Британия, Польшаникига АҚШ бошчилик қилади.

НАТОнинг Латвиядаги гуруҳи минг кишини ташкил этади. Унинг таркибига Албания, Канада, Испания, Италия, Польша ва Словения ҳарбийлари киради. Оттава республикага 455 пиёда, бронемашиналари ва разведка взводини жўнатган.

Аввалроқ Россиянинг альянсдаги доимий вакили Александр Грушко Шарқий Европада альянс батальонларини жойлаштириш Россия-НАТО актига зид эканлигини билдирганди.
 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид